ИЛВИРС

ИЛВИРС, қор қоплони (Uncia uncia) — мушуксимонлар оиласига мансуб йиртқич ҳайвон. Илвирслар уруғининг ягона тури. Танасининг уз. 103 — 130 см, думи 80—105 см. Леопардга ўхшаш, лекин жуни кулранг-саргиш қорамтир холли бўлиши билан ундан фарқ қилади. Юнги қалин ва пахмоқ бўлади. Марказий ва Ўрта Осиёнинг баланд тоғли ҳудудларида 2000 м баландликда, доимий музликлар чегарасида учрайди. Қишда бирмунча пастроққа — игнабаргли дарахтзорлар минтақасига тушади. Кун ботиш б-н, баъзан кундузлари фаол бўлади. 1—5 тагача, одатда, 2—3 та бола туғади. Тоғ туёкли хайвонлари (асосан, тоғ қўйлари), баъзан қуён, суғур каби ҳайвонлар билан озиқланади. Сони ва тури тўхтовсиз қисқариб бормоқда. Халқаро ва Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.