ИММУН ЗАРДОБЛАР

ИММУН ЗАРДОБЛАР — бирор антиген билан иммунланган одам ва ҳайвонлар қонидан олинадиган ва таркибида шу антигенга хос антителолари бўлган зардоблар. Иммун зардоб, одатда, сунъий иммунланган ҳайвонлар (қуён, от, денгиз чўчқалари) қонидан (қ. Иммунлаш) ёки баъзи юқумли касалликлар билан оғриб ўтган кишилар қонидан олинади. Иммун зардобларнинг ҳимоя ва даво хусусиятлари улар таркибида махсус бирикмалар — касаллик қўзғатувчи омилларни топа олиш (уларга нисбатан махсус сезувчанлиги бор) ва зарарсизлантириш хусусиятига эга бўлган антителолар борлигига асосланган (қ. Иммунитет). Ёт оқсили бор ҳар қандай агентнинг киришига жавобан одам ёки ҳайвон организмида антителолар қосил бўлади ва унинг қон зардобида узок, вақт, баъзан, умрбод сакланади. Баъзи юқумли касалликлар билан оғриган одамларнинг бир умр ушбу касаллик билан қайта касалланмасликларининг боиси шунда. Диагностика (серодиагностика) ва даво-профилактика (серопрофилактика, серотерапия) мақсадида қўлланиладиган Иммун зардоблар мавжуд. Организмга Иммун зардоблар юборилганда пассив имменитет ҳосил бўлиб, у маълум муддат (2—4 ҳафта) сакланиб туради. Шуни назарда тутиб, инфекцион касаллик (мас, қизамиқ) билан оғриган беморга яқин юрган кишиларни касалликдан сақлаш мақсадида Иммун зардоблар билан эмланади. Иммун зардоблар бўғма, қоқшол, ботулизм ва ҳ. к. ни даволашда, шунингдек, илон, ари, баъзи ҳашаротлар чаққанда ва б. ҳолларда қўлланилади. Зардоб таркибидаги антителонинг табиатига қараб антитоксик, антибактериал, антивирус ва илон заҳарига қарши И. з. фарқланади. Ке-йинги йилларда антилейкоцитар зардобларнинг кашф этилиши ва уларни тиббиёт амалиётида қўлланилиши аъзо ва тўқималарни кўчириб ўтказишда донор ва реципиентни аниқлаш, шунингдек, иммуногенетика масалаларини ўрганиш имконини берди. Иммун зардоблар юборилгандан кейин баъзан шок ва зардоб касаллиги рўй бериши мумкин. Бунинг олдини олиш учун иммун зардобни юборишдан олдинроқ (15—30 дақиқа, баъзан 1—2 кун илгари) унинг озроқ микдори юбориб кўрилади.