ИММУНОГЛОБУЛИНЛАР (Ig) – умуртқали ҳайвонлар ва одамнинг қон зардобидаги антителолар фаоллигига эга бўлган глобуляр оқсиллар гуруҳи. Иммуноглобулинлар молекуласи иккита бир хил енгил ва иккита бир хил оғир полипептид (қ. Пептидлар) занжирлардан иборат бўлиб, улар ўзаро, асосан, дисульфид ( — S—S—) боғлар б-н боғланган. Иммуноглобулинларнинг бундай тўрт занжирли тузилиши давомий қайтарилиб, димерлар (IgA) ёки пентамерлар (IgM) ҳосил қилиши мумкин. Ҳар бир полипептид занжир (енгил ёки оғир) иккита — констант ва вариабель қисмдам иборат бўлиб, констант (СООН — четки) қисмнинг аминокислотали кетма-кетлиги турли Иммуноглобулинларда жуда ўхшаш, вариабель (NH2 — четки) қисмда эса турли Иммуноглобулинларда турлича. Иммуноглобулинлар хусусиятлари уларнинг битта енгил ва битта оғир занжирли вариабель қисмдан тузилган фаол марказининг фазовий структурасига боғлиқ. Уларнинг бошқа биологик хоссалари (плацента орқали ўтиши, секретларга тушиши, тўқималарда пайдо бўлиши, комплемент тизимининг фаоллашуви ёки биологик фаол моддаларнинг ажралиши) молекуляр констант қисмининг тузилиши орқали аниқланган. Констант қисмларининг тузилиши ва антиген фарқига мувофиқ оғир занжирлар 5 та синфга бўлинади: у, ц, а, 8, е. Улар ҳам ўз навбатида Иммуноглобулинларнинг тегишлича 5 синфини ҳосил қилади: IgG, IgM, IgA, IgD, IgE. И. лимфа ҳужайраларида синтезланади ва иммунитет ҳосил бўлишида иштирок этади; улар, асосан, қонда, қисман сўлак, ўт, орқа мия суюклиги, сийдик, турли секретлар ва б. тўқима суюкликларида бўлади. Иммуноглобулинларнинг асосий эффектор реакциялари ҳар бир антигенга ўзига хос антителолар ишлаб чиқиш орқали амалга ошади. Унинг бу хусусиятидан тиббиётда айрим инфекцион касалликларни (мас, кўкйўталга, стафилококка қарши И.) даволашда фойдаланилади.