ИММУНОЛОГИЯ ИНСТИТУТИ, Ўзбекистон ФА Иммунология институти — и. т. муассасаси. Собиқ иттифоқ Соғлиқни саклаш вазирлиги Иммунология ин-тининг филиали сифатида ташкил этилган (1985); 1991 й. дан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига, 1994 й. дан Ўзбекистон ФАга қарашли мустақил ин-т. Ин-тда молекуляр генетика, иммуногенетика, иммунопатология, иммуно – ва аллергодиагностика лаб. си ва клиника бор. Ин-тда, асосан, иммун танқислиги ва иммунологик ҳолатнинг Ўзбекистон аҳолиси ўртасида тарқалиши ўрганилади, иммуногенетик тадқиқотлар олиб борилади, иммунитетни ростлаб, аслига келтирувчи янги дори-дармонлар ва усуллар ишлаб чиқилади. Булардан ташқари, Ўзбекистонда соғлом аҳолида ва кўп учрайдиган касалликларда иммуногенетик маркерлар таҳлилини, вирусли гепатит В ва С, ОИТС ва юқумли касалликларни молекуляр генетика жиҳатидан ўрганиш борасида АҚШ, Буюк Британия ва Япония олимлари билан ҳамкорликда халқаро илмий изланишлар олиб борилади. Ин-т қошида «Тибдиагностика» ва «Универсал иммунотест» кичик корхонаси мавжуд. Ин-тда 36 илмий ходим, шу жумладан 4 фан д-ри ва 15 фан номзоди бор (2002). Ҳар йили иммунология ва аллергологиянинг долзарб масалаларига оид илмий ишлар тўплами (ҳоз. 10 жилд нашр этилган), 1999 й. дан бошлаб «Назарий ва амалий тиббиёт журнали» нашр этилмоқда. Иммунология институти «Иммунология ва одамнинг ёши» (1987), ва ОИТС (1989), «Ўзбекистон халқ хўжалигида иммуногенетика ва биотехнология ютуклари» (1995) мавзуидаги конференция ва симпозиумлар, шунингдек, иммунологал лергологларнинг 1 съездини (1991) ўтказишда фаол қатнашган. Ин-тда ҳар йили ёш олимлар ва соҳа мутахассисларининг илмий анжумани утказиб турилади. Иммунология институтида олиб борилган и. т. ишлари Н. Ҳ. Абдуллаев, М. Н. Ризаев, Р. М. Рузибоқиев ва б. олимлар фаолияти билан бевосита боғлиқ.