ИМОМИ АЪЗАМ, Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал-Кўфий (699, Кўфа — 767, Бағдод) — ҳанафийлик мазҳаби асосчиси. Илоҳиётчи, фақиҳ, муҳаддис. «Абу Ҳанифа» унинг куняси, «Имоми Аъзам» («Улуғ имом») улуғлигининг эътирофи ўлароқ берилган унвон. Асли форс бўлиб, ўзига тўқ, зодагон оиладан. Олим ва фозил инсонлар орасида вояга етди. Отасидан қолган катта бойликни илм йўлида сарф этди. Ёшликдан Қуръонни ёд олди. Калом илми ва мантиқни ўрганди. 22 ёшида ироқлик илоҳиётчи Ҳаммод ибн Абу Сулаймонга шогирд тушиб унинг таълимини олди. Кейин Куфа ва Басранинг энг обрўли фақиҳи бўлиб етишди ва ўзи шогирдлар тарбиялади. Камтар, меҳрибон, тақводор инсон сифатида ҳурмат қозонди. Унинг 55 марта ҳаж қилганлиги ҳақида ривоят бор.
Имоми Аъзам 747—48 й. ларда Ироқ ҳокими ибн Ҳубайра таъқибидан қочиб Маккага кетади. Аббосийлар ҳокимият тепасига келгач, Ироққа қайтиб, уламолик фаолиятини давом эттиради. Халифа алмансур (754—775) унга янги пойтахт Бағдодда қозилик ёки бошқа истаган юксак лавозимини эгаллашни таклиф қилади. Бироқ Имоми Аъзам бу таклифни рад этади. Шунда Мансур уни қамаб турли қийноқларга солган, калтаклатган. Мансур Имоми Аъзамга заҳар ичирган ва у зот шу сабабдан шаҳид бўлган, деган ривоят ҳам бор.
Имоми Аъзам ислом уламолари орасида энг етук олимлардан эди. У одамларга қулай, толибларга енгил бўладиган йўлни топишга муваффақ бўлди: шаръий илмни биринчи бўлиб тасниф қилиб, уни бобларга ажратиб, тартибга солди ва китоб шаклига келтирди. Имоми Аъзамнинг илми калом, фиқх, ҳадис, сарф илмларига оид бир неча китоблари мавжуд: «Китоб ас-салот» («Намоз аҳкомлари китоби»), «Китоб алманосик» («Ҳаж китоби»), «Китоб аш-шурут» («Шартномалар ҳақида китоб»), «Китоб алфароиз» («Мерос илми ҳақида китоб»), «Китоб ал-олим вал-мутааллим» («Устоз ва шогирд ҳақида китоб»), «Китоб ал-фиқх ал-акбар» («Катта фиқҳ китоби»), «Китоби ал-васия» («Васиятнома китоби») ва б. И. А. нинг булардан ташқари ҳадис соҳасида ҳам асарлари мавжуддир.
Имоми Аъзам фақиҳларнинг устози. Ўрта аср фақиҳи Абул Муайяд Муҳаммад ибн Маҳмуд Хоразмий И. А. муснадларини жам қилиб, китоб шаклига келтирган, у 1326 ҳижрий (мил. 1907/08) йилда Мисрда чоп этилган.
Имоми Аъзамдан таълим олган шогирдлар замонасининг етук пешволари бўлиб етишган. Ана шундай шогирдлардан бири Абу Юсуф бўлиб, Ҳорун ар-Рашид даврида қозилик вазифасида ишлаган. Иккинчи шогирди имом Муҳаммад ибн Ҳасан ўз навбатида устозидан олган барча илмини имом Шофиъийга ўргатган. Ҳадисларни саралашга моҳир бўлган, ҳар бир масалани далиллай оладиган Зуфар ибн Хузайл ҳам Имоми Аъзамнинг кўзга кўринган асҳобларидандир. Яна бир шогирди Ҳасан ибн Зиёд Имоми Аъзамнинг «Адаб ал-кади» («Қозининг одоби»), «Аннафақот» («Нафақалар»), «Фароиз» («Мерос илми») каби китобларини ёзиб тугатди. Имоми Аъзамнинг ўғли Хаммод ва набираси Исмоил ҳам шаръий илмлар борасида етук алломалар эди, улар турли шаҳарларда қозилик мансабида ишлашган. Ҳуросонда биринчи бўлиб ҳадисни ёзиб олган Абдуллоҳ ибн Муборак ҳам Имоми Аъзамдан таълим олган.
Дунёнинг кўпгина жойларида, жумладан, Марказий Осиё мамлакатларида мусулмонлар Имоми Аъзам мазҳаби қоидалари асосида ибодат қилиб келмоқдалар.
Ад.: Самарқандий Васлий, Имоми Аъзам тарихи, Т., 1995; Қодиров 3., Имоми Аъзам, Т., 1999.
Абдуқаюм Азимов.