ИМОМИЙЛАР

ИМОМИЙЛАР — шиаликдаги йирик мазҳаб тарафдорлари. 7-а. да араб халифалигида вужудга келган. Улар Али наслидан бўлган 12 имомни тан оладилар. Имомийлар 11-имом Ҳасан ал-Аскарий (873 й. в. э.) дан кейин унинг ёш ўғли Муҳаммадни охирги, 12-имом деб ҳисоблайдилар. Ривоятларга кўра, бу имом йўқолган (тарихда ўлдирилган бўлса керак, деб ҳисобланади). Имомийлар уни «яширинган имом», яъни маҳдий деб эълон қилиб, у қайтиб келиши билан адолат тантана қилади дейдилар. «Яширинган имом»га эътиқод Имомийларнинг асосий ақидаларидан биридир. Имомийлар имомнинг сайлаб қўйилишини рад этишади. Улар ўзларининг ҳамма имомларини «жабрдийда» деб билиб, уларга эътиқод қилишади. Имомийлар шиаларнинг анча кўп тарқалган қисмидир. Имомийлар таълимоти ҳоз. Эроннинг давлат дини ҳисобланади. И. Ирокда аҳолининг деярли ярмини ташкил этади. Имомийлар жамоалари Ливан, Қувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Иордания, Афғонистон ва б. мамлакатларда бор.