ИМОМЛИК

ИМОМЛИК, имомат (араб. — бошқармоқ) — 1) мусулмон теократик давлатининг умумий номи. Ислом эволюцияси жараёнида Имомлик ҳақидаги тасаввур ҳам ўзгариб борган. Илк исломда Муҳаммад (сав) ва халифалар мусулмонлар жамоасида маъмурий ҳокимият ва диний раҳнамо(имом)ликни бирга қўшиб олиб борган. Кейинчалик халифалар ҳокимиятида маъмурий раҳбарлик асосий ўрин эгаллаган. Диний ҳокимият — И. эса номигагина сақланиб қолган. Шиа мазҳабида Имомлик фақат Муҳаммад (сав) авлодидан бўлган (Али ва Фотима авлодлари) шахснинг диний ва маъмурий ҳокимияти ҳисобланган;

2) Доғистон ва Чеченистонда му-ридлар давлати, 19-а. нинг 20-й. лари охирида чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши Шим. Кавказ халқларининг кураши даврида пайдо бўлган. Имомлари: Ғози Муҳаммад (1828—32), Ҳамзатбек (1832-34), Шомил (1834 — 59);

3) намоз вақтида жамоат олдида туриб ибодатни бошқариш, имомлик қилиш.