ИМПЛАНТАЦИЯ

ИМПЛАНТАЦИЯ (лот. im… (in) – ичида ва plantatio — ўтказиш, кўчириб ўтказиш) — одам ва ҳайвонларда ҳужайралар ва тўқима элементларининг ўз-ўзидан кўчириб ўтказилиши ва ёпиштирилиши. Одам ва кўпчилик сут эмизувчиларда Имплантация муртак (бластоцист) нинг урғочиси бачадонига ёпишишидан иборат. Имплантация бластоцист ва бачадон деворининг фаоллиги туфайли амалга ошади. Имплантация натижасида муртак билан она организм қон айланиш системаси ўртасида функционал бирлик вужудга келади ва йўлдош ҳосил бўлади. Имплантация 3 хил усулда амалга ошади. Марказий Имплантацияда муртак бачадон бўшлиғида қолади (қўлқанотлилар, кавш қайтарувчилар), эксцентрик И. да муртак бачадон деворига қисман ботиб киради (кемирувчилар) ва интерстициал Имплантацияда муртак бачадон деворига тўлиқ ботиб киради (одам, приматлар). Тўқи-маларнинг бир қисми ёки органларни сунъий кўчириб ўтказиш трансплантация, сунъий органларни одам ва хайвонлар организмига киритиш эса Имплантация дейилади.