ИНФАНТИЛИЗМ

ИНФАНТИЛИЗМ (лот. infantilis – болаларча) — катталарда илк болалик даврига хос бўлган морфологик, физиологик ва руҳий ҳислатларнинг сақланиб қолиши билан ифодаланадиган клиник синдром. И. нинг сабаблари, қайси аъзо ёки система етилмаганлиги, кўриниш аломатлари ва б. га кўра бир неча тури фарқ қилади. Инфантилизм туғма бўлиши ёки ўсиш давридаги ҳар хил касалликлар (сил, қизамиқ), турли заҳарланишлар, инки секреция безлари ва мия касалликлари, томирлардаги нуқсонлар сабабли келиб чиқиши мумкин. Инфантилизмнинг яққол белгиси — паканалик, одамнинг бўй-басти кўпинча болаларга хос бўлиб қолади. Иккиламчи жинсий белгилар, ташқи ва ички жинсий аъзолар ҳам тузук ривожланмай қолади. Болани ёшлигидан соғлом қилиб тарбиялаш, юқумли касалликлардан сақлаш, тўғри овқатлантириш, соф ҳаводан баҳраманд қилиш, бадан тар-бия билан шуғуллантириш, ўсиши ва ривожланишига кўз-қулоқ бўлиб туриш Инфантилизмнинг олдини олишга ёрдам беради.

Prev Article

ИНТУИТИВИЗМ

Next Article

ИНФЕКЦИЯ