ИНФРАТУЗИЛМА

ИНФРАТУЗИЛМА (лот. infra – остида) — и. ч. ва товар муомаласи, шунингдек, инсон ҳаёт фаолияти учун зарур бўлган меъёрий шароитни таъминлашга хизмат килувчи турли-туман ёрдамчи хизмат кўрсатувчи соҳалар (ташкилот, корхона ва муассаса) мажмуи; номоддий и. ч. сектори. Инфратузилма хизматлари моддий шаклга эга бўлмаган товарлар бўлиб, улар ҳаётий эҳтиёжларни қондиради. Инфратузилма зарурий шарт бўлганидан унинг ишлаб туришини таъминлашга иқтисодий ресурсларнинг бир қисми жалб этилади. Инфратузилма хизмат кўрсатиш соҳасига кўра ишлаб чиқариш инфратузилмаси (и. ч. га хизмат кўрсатувчи соҳалар — юк ташиш транспорти, электр ва иссиқлик таъминоти, йўл хўжалиги, сув хўжалиги, омбор хужалиги, илмий конструкторлик хизмати, ахборот хизмати ва б.) ва ижтимоий-маиший инфрату-зилма (аҳолига хизмат кўрсатиб, унинг эҳтиёжини қондирувчи соҳалар — маориф, соғлиқни сақлаш, жисмоний тарбия ва спорт, маиший хизмат ва б.) га ажралади. Инфратузилма хизмати товар бўлганидан олди-сотди этилади. Унинг асосий вазифаси инсонга хизмат кўрсатиш, аммо бу иш пулли, бепул ва имтиёзли тарзда бажарилиши мумкин. Инфратузилма хизматларини характерига кўра гурухлаганда бозор инфратузилмаси ажралиб туради. Чунки унда бозор муносабатларини амалга оширувчи хизматлар кўрсатилади. Қайси даражада хизмат кўрсатилишига кўра, корхона, тармоқ и. ч. мажмуалари ва ҳудудий Инфратузилма ҳам мавжуд. Инфратузилма соҳасида яратилган хизматлар и. ч. ва инсон учун наф келтиради. Инфратузилма хизмат кўрсатишини ташкил этиш учун маблағлар сарфланади. Шунинг учун уларни ҳисоблаш мумкин ва улар ялпи миллий маҳсулот таркибига киритилади. Инфратузилмани яратувчи меҳнат ҳам унумли ҳисобланади. Инфратузилманинг самарадорлиги кўрсатилган хизматларнинг сарф-харажатларга нисбати орқали аниқланади Аҳмаджон Ўлмасов.