ИНГЛИЗ ИНҚИЛОБИ

ИНГЛИЗ ИНҚИЛОБИ (17-а.) – Европа миқёсидаги 1-инқилоб. Пуританизм (қ. Пуританлар) мустабид тузумга инқилобий мухолифатнинг ғоявий байроғи, унинг ташкилий шакли эса — парламент бўлиб қолди. Карл I томонидан 1640 й. чақирилган парламент тарафдорлари билан роялистлар ўртасидаги 1-фуқаролар уруши (1642—46) ва 2-фуқаролар уруши (1648) давомида О. Кромвель ташкил этган парламент армияси Карл I Стюартнинг қироллик армиясига Нейзби (1645) ва Престон (1648) да ҳал қилувчи зарба бериб, тор-мор этди. 1649 й. қирол қатл этилиб, республика эълон қилинди. 1653 й. ҳарбий диктатура — Кромвель протектората ўрнатилди. 1660 й. Стюартлар ин-қилобнинг асосий ютуклари (шу жумладан, феодал ер эгалигини амалда буржуа ер эгалигига айлантирилиши)ни тан олишга рози бўлгач, улар ҳокимияти тикланди. 1688—89 й. лардаги давлат тўнтариши («Шонли инқилоб») буржуазиянинг давлат ҳокимиятидаги мавқеини мустаҳкамлади.