ИНГЛИЗ ТИЛИ

ИНГЛИЗ ТИЛИҳинд-европа тиллари оиласининг ғарбий герман тиллари гуруҳига мансуб. Инглиз тили БМТнинг расмий иш юритиш тилларидан бири, Буюк Британия, Ирландия, Шим. Америка, Австралия, Янги Зеландия, Осиё ва Африкадаги кўпгина мамлакатларда тарқалган. Бу тилда ер юзидаги 400 млн. дан ортиқ киши гаплашади (1992). Буюк Британия ва Шим. Ирландия, АҚШ, Австралия, Янги Зеландия, Канада (француз тили билан бирга), Ирландия (ирланд тили билан бирга), Ҳиндистон ва 15 та Африка давлати (ЖАР, Нигерия, Гана, Уганда, Кения, Танзания ва б.)да расмий тил сифатида қўлланилади.

Инглиз тили мил. ав. 5—6-а. ларда кад. герман қабилалари (инглиз, сакс ва ют)нинг тилларидан келиб чиққан. Кад – И. т. (7 — 11-а. лар) англосакс тили деб аталган ва 4 шевага эга бўлган: нортумбрий, мерсий, уэссек ва кент. 9—11-а. ларда уэссек шеваси асосида адабий Инглиз тили шаклланган. Ўрта Инглиз тили (12—15-а. лар) ур-ғусиз унлиларнинг редукцияга учраши натижасида феъллик сўз бирикмалари кўп ўзгаришларга учраган. 16—17-а. ларда янги Инглиз тили юзага келган.

Ҳоз. Инглиз тили ўз ҳудудий шеваларига эга. Буюк Британияда шотланд шеваси, шим., жан., марказий шевалар гуруҳи, АҚШда Шарқий, Ўрта Атлантика (марказий), жан. шарқий, ўрта, ғарбий шевалар гуруҳи мавжуд. Инглиз тили фонематик тизимида ўзига хос унлилар ва ундошлар мавжуд. Бошқа герман тилларидан Инглиз тили аналитик қурилиш белгиси билан фарқланади. Грамматик муносабатларни ифодалашда ёрдамчи сўзлар (артикль, ёрдамчи феъллар, предлоглар) ва сўз тартиби катта аҳамиятга эга. Инглиз тили бошка тиллар (лотин, француз, итальян, испан ва б.)дан 70% га яқин сўз қабул қилган. Инглиз тилининг америкача вариантини Буюк Британия вариантидан фарқини шу билан изоҳлаш мумкинки, Шим. Америкага дастлаб кўчиб келганлар (1607) Лондон ва унинг атрофидан, кейингилари эса Шим. Британия ва Ирландиядан келишган. АҚШ тилида Британиядаги сингари ёрқин ифодаланган шевалар йўқ. Проф. X. Курат тахрири остида чиққан «АҚШ ва Канаданинг тилшунослик атласи»да (1939) етти шева, шу жумладан, тарқалиши ҳудуди жиҳатидан энг салмоқли бўлган АҚШнинг марказий ва шим. вилоятлари шевалари ажратиб кўрсатилган; у АҚШда асосий адабий меъёр ҳисобланади. Инглиз тилининг америкача ва Буюк Британия вариантлари ўртасидаги фарқ лексикада ва маълум даражада фонетикада на-моён бўлади; грамматикасидаги фарқ сезиларли эмас. Инглиз тилининг мавжуд Канада, Австралия, Янги Зеландия ва ЖАР адабий вариантлари хусусида ҳам шундай фикрни айтиш мумкин. Инглиз тили ёзуви лотин алифбоси асосида.