ИНСТИНКТ (лот. instinctus — уйғониш, қўзғалиш) — муайян шароитда ҳайвонларнинг битта тури учун хос бўлган мураккаб ирсий хаттиҳаракатлари мажмуи. Инстинкт ташқи ва ички қўзғалишларга жавоб тариқасида пайдо бўлади. Инстинктни илмий тадқиқ қилишни Ч. Дарвин бошлаб берган. У биринчи бўлиб Инстинктнинг ривожланиши турнинг тарихий шаклланиши ва нерв система-сининг тузилиши билан боғлиқлигини кўрсатиб берди. Инстинктни рус олимларидан И. М. Сеченов, Инстинкт Павлов ва б. ҳам ўрганишган. Инстинкт — мураккаб шартсиз рефлекслардан (қ. Шартсиз рефлекслар) иборат бўлиб, улар асосида шартли рефлекслар вужудга келади. Биологик моҳиятига кўра, Инстинкт қуйидаги гуруҳларга ажратилади: озиқланиш (озиқни то-пиш, озиқ ғамлаш ва б.); турни сақлаб қолишга қаратилган пассив (тегилганда қимирламасдан қотиб туриш, қочиб қолиш ва б.) ва актив (жисмлар, шох-шаббалар ва б. ёрдамида ҳимоя) ҳи м о – яланиш; жинсий безлар функцияси билан боғлиқ бўлган жинсий Инстинкт (жинсий майл, оталаниш, балиқларнинг увилдириқ ташлаш жойига миграцияси ва б.); авлод тўғрисида ғамхўрлик билан боғлиқ бўлган ота-оналик Инстинкти (уя ва ин қуриш, бола боқиш, болани ҳимояланишга, ов қилишга ўргатиш ва б.); пода, гала, оила аъзоларининг ўзаро муносабатларини ташкил қилувчи гуруҳли Инстинкт Ҳашаротлар хаттиҳаракатларининг деярли ҳаммаси Инстинктдан иборат. Баликлар, қушлар ва айниқса сут эмизувчилар хаттиҳаракатларининг асосий қисмини Инстинкт эмас, балки шартли рефлекслар ташкил этади. Одамда Инстинкт унинг тарбия жараёнида шаклланадиган онгли фаолиятига бўйсунган бўлади. Инстинктни ўрганиш ва ундан фойдаланиш чорвачилик, овчилик хўжаликларида, қ. х. зараркунандалари ва инфекцион касалликларнинг қўзғатувчиларига қарши курашда катта аҳамиятга эга (яна қ. Рефлекслар).