ИНСУЛЬТ

ИНСУЛЬТ (лот. insulto — човут солмоқ, ҳужум қилмоқ) — бош мияда қон айланишнинг тўсатдан бузилиб, мия тўқимасининг зарарланиши ва функциясининг издан чиқиши; мияга қон қуйилиши. Гипертония касаллиги, мия томирлари атеросклерози, аневризма, васкулит ва б. бир қанча касалликлар Инсультга сабаб бўла олади.

Геморрагик ва ишемик Инсульт фарқ қилинади. Геморрагик Инсульт ёки апоплексияда мияга қон қуйилади. Гарчи Инсульт кўпчилик одамларда тўсатдан пайдо бўлсада, бироқ касаллик нишонаси олдиндан сезилади. Мас, гипертония касаллиги ва атеросклерозда мияга тўсатдан, кўпинча киши ҳаяжонланганда қон қуйилади. Баъзан бош ғувиллайди, оғрийди, айланади, бошда оғирлик сезилади. Қон қуйилиши (геморрагия) мия тўқимасини емириб, тегишли функцияларни бузади; киши ҳушдан кетиб, қусади, юзи қизаради, тез-тез чуқур, кўпинча хириллаб нафас олади, пульси таранг ва сийраклашган бўлади, т-раси кўтарилади, сийдик ва нажаси келмай қолади ёки беихтиёр чиқиб кетади. Ҳаёт учун хавфли бу ҳолат 1—3 кун давом этиб, кейин бемор ҳушига келади ва миянинг бирор соҳаси зарарланганлигини кўрсатувчи белгилар юзага чиқади; кўпинча гавданинг ўнг ёки чап қисми фалаж бўлади (гемиплегия), бемор тилдан қолади ёки тузук гапира олмайди. Бир неча ойдан кейин фалаж деярли барҳам топиши, бемор яна тилга кириши мумкин.

Ишемик Инсульт мия томирларининг тромбози натижасида пайдо бўлади, бу мия тўқимасининг юмшаши — мия инфарктига сабаб бўлади. Бош оғриши, айланиши каби дастлабки белгилар пайдо бўлгандан кейин бемор ҳушдан кетмай, қўл ёки оёқ увишади, сўнгра парез ёки фалаж бўлади, сезиш крбилияти йўқолади ёки пасаяди, нутқ бу-зилади. Беморнинг ранги ўчган, кўз қорачиклари тор, пульси заиф, аммо т-раси нормал бўлади. Бузилган функциялар бир неча ойда аслига келиши мумкин.

Эмболияга алоқадор Инсультда мияда қон айланиши тўсатдан (баъзан жисмоний зўриқишдан) бузилади. Эмболиядан олдин кишининг умумий аҳволи оғирлашади: дармони қурийди, ҳаллослайди, юраги ў«йнайди», т-раси кўтарилади. Мия тўқимаси қонсизланганлиги туфайли қўл-оёқ фалаж бўлади, сезмайди, баъзан нутқ бузилади. Бузилган функциялар 1—3 ой ичида (баъзан тўла) тикланиши мумкин. Инсультнинг дастлабки белгилари пайдо бўлганда дарҳол врач чақириш, беморни тамомила тинч қўйиш керак. Кейин у врач маслаҳати билан парвариш қилинади.

Олдини олиш учун дам олиш, меҳнат қилиш ва овқатланишни тўғри йўлга қўйиш; руҳий-асабий зўриқмаслик, томир касалликларини ўз вақтида даволатиш лозим. Даво нафас олиш ва юрак-томир системаси фаолиятини барқарорлаштириш, миянинг қон билан таъминланишини яхшилаш, мияда шиш пайдо бўлишига йўл қўймаслик, жаррохлик усули ёки зарур дори-дармонлар билан бемор соғлигини тиклаш, шифобахш бадан тарбия, массаж ва ҳ. к. дан иборат.