ИНТРОДУКЦИЯ

ИНТРОДУКЦИЯ (лот. introductio – жорий қилиш) , ўсимликлар интродукцияси — турли ўсимликлар турлари ва навларини ўз табиий ареалидан илгари учрамаган ҳудудларга кўчириш (жалб этиш). «Интродукция» тушунчаси 19-а. нинг 2-ярмидан буён қўлланиб келинмоқда. Ўсимликлар Интродукцияси назариясини швейцариялик ботаник А. Де-кандол (1806—93) 1855 й. да асослаб берган. Н. И. Вавилов ўзи яратган маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марказлари назарияси асосида 1920 й. да Интродукциянинг илмий асосларини ишлаб чикди.

Ҳозир деярли барча қитъаларда етиштирилаётган маданий ўсимликларнинг кўпчилиги турли географик ўлкалардан тарқалган, «кўчириб келтирилган» ўсимликлар ҳисобланади. 16—17-а. ларда Америкадан Европага макка-жўхори, картошка, кунгабоқар, помидор, тамаки ва б. тарқалган бўлса, 17-а. дан бошлаб Шим. Америкада Европадан келтирилган олхўри, олма, нок, каштан ва б. ўстирилди, Австралияда маккажўхори, қовоқ, зайтун, узум, цитруслар пайдо бўлди. Ўсимликлар табиий ареалдан янги ҳудудларга Интродукция қилинганда турлар (навлар)нинг ҳаётчанлиги ва Интродукциянинг мақсади бўлган қимматли хўжалик белгиларининг яхшиланиши юз беради: мева (уруғ) ҳосилдорлиги кўтарилади, фитомасса кўпаяди, муҳитнинг турли омилларига, касаллик, зараркунандаларга чи-дамлилиги ортади ва б. «Ўз марказлари»дан Интродукция этилиши ўсимликлар ареалини маълум доирада кенгайтирди ва бу борада айрим ўсимликларнинг бир-ламчи марказлар билан бўлган алоқаси узилади. Мас, ер ёнғоқнинг ватани — Шим. Аргентина, бироқ ҳозир ер ёнғоқ энг кўп экваториал Африкада етиштирилади. Картошканинг ватани — Жан. Америка бўлса хам, у дунёнинг кўпгина давлатларида асосий озиқ маҳсулоти ҳисобланади.

Ўрта Осиё ҳам кўпгина маданий ўсимликларнинг келиб чиқиш марка-зи ҳисобланади ва бу ерда уларнинг хилмахил шакллари учрайди. Шу билан бир қаторда, 19-а. да ва ундан аввал Ўрта Осиёга аҳолига номаълум бўлган ўсимликлар келтирилган, улар иқлимлаштирилиб, асосий экинларга айланган. Ўрта Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистонда Интродукция натижасида картошка, помидор, ширин қалампир, бақлажон, карам, айрим кўкат ва зираворлар, ер ёнғоқ, ҳурмо, лимон, унаби каби саб-завотлар, полиз экинлари, мева турлари тарқалди.

Ўсимликлар Интродукцияси учун материаллар йиғиш мақсадларида маданий ўсимликларнинг бирламчи ва иккиламчи келиб чиқиши марказларига илмий экс-педициялар уюштирилади (мас, Ўзбекистон ФА Ўсимликлар экспериментал биологияси ин-ти ғўзанинг ёввойи турларини йиғиш бўйича акад. А. Абдуллаев бошчилигида 1975 й. да Мексика, 1984 й. да Перу, 1989—90 й. ларда Шри Ланка, Ҳиндистон, Хитой, 1997 й. да Австралияга илмий экспедициялар юборган). Ботаника ва селекция муассасаларида ўсимликлар Интродукцияси ва сўнгра уларни иқлимлаштириш ишлари олиб борилади.

20-а. нинг 30-й. ларида Ўзбекистонда ташкил этилган илмий ташкилотлар илмий режа асосида жаҳон маданий ва ёввойи ўсимликларининг хилма-хил турларини йигиш, Интродукция ишларини бошладилар. Ҳоз. Ўзбекистон ўсимликшунослик, Ўзбекистон ғўза селекцияси ва уруғчилиги, Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси, Ботаника и. т. ин-тлари ва Ботаника боғида Интродукция ланган ва маҳаллий навлар асосида турли экинларнинг коллекциялари ташкил этилган.

Жаҳон мамлакатлари ўртасида илмий ҳамкорлик кенгайган шароитларда Интродукциянинг вазифаси ўсимликларни илмий асосда янги ўлкаларга жалб этиш ва мавжуд экинлар нав таркибини замонавий саноат навлари билан бойитишдан иборат (яна қ. Адаптация, Ареал, Иқлимлаштириш).

Ад.: Вавилов Н. И., Происхождение и географии культурных растений, Л., 1978; Белолипов Интродукция, Интродукция травянистых растений природной флоры Средней Азии (эколого-интродукционный анализ), Т., 1989.

Файзулла Ҳожиев.

Loading...