ИОНЛАР (юн. ion — бораётган, ҳаракатланаётган) — зарядланган зарралар; атом ёки атомлар гуруҳи (молекулалар, радикаллар ва б.) электрон (ёки б. зарядланган зарра) қабул қилганда ё йўқотганда ҳосил бўлади. «Ионлар» тушунчаси ва терминини 1834 й. да инглиз олими М. Фарадей биринчи бўлиб тат-биқ этган. У ишқорлар, кислоталар, тузларнинг сувдаги эритмалари электр ўтказувчанлиги Ионлар ҳаракатига боғлиқ деб ҳисоблади. Эритмаларнинг манфий қутб (катод)га ҳаракатланадиган мусбат зарядли Ионлар катионлар, мусбат қутб (анод) га ҳаракатланадиган зарядли Ионлар анионлар дейилади. Ионлар зарядининг катталиги электрон зарядига каррали нисбатдадир: мас, атом 1, 2, 3,… электрон йўқотганда ёки кабул қилганда шунга мос равишда 1, 2, 3 ва ҳ. к. зарядли Ионлар ҳосил бўлади. Электролит эритмасида Ионлар эритувчи б-н ўзаро таъсир этиши туфайли барқарор бўлади. Ионлар мавжудлиги сабабли эритмалар электр токини ўтказади (қ. Электролитик диссоциация). Атомдан электрон ажралиб, катион ҳосил бўлаётганда маълум миқдорда энергия сарфланади ва уни атомнинг ионлаш потенциали дейилади. Ионларнинг хоссалари уларнинг катталиги ва электрон қобиғининг тузилишига, за-ряднинг ишораси ҳамда микдорига боғлиқ.
Ионлар организмда моддалар алмашинуви жараёнида фаол қатнашади. Ионлар ат-мосферада бўладиган ўзгаришларда муҳим роль ўйнайди (қ. Атмосфера электри, Ионосфера).
Ад:Смирнов Б. М., Комплексные ионы, М., 1983; Крестов Г. А., Термодинамика ионных процессов в растворах, 2 изд., Л., 1984.
Комил Тожиев.