ИПАК

ИПАК, пилла толаси — ингичка, пишиқ, ялтироқ, товланиб турадиган тола; ипак қуртининг ипак ажратувчи иккита безидан чиқувчи суюқликдан ҳосил бўладиган табиий тўқимачилик хом ашёси. Ипак ипак қурти пилласини ўраб турган узунасига бир-бирига ёпишмаган, серицин (ипак елими) билан қопланган ва елимланган икки толадан иборат. Бу толада 70—75% фиброин (оқсил модда), 20—25% серицин, 2—3% турли минерал моддалар, 1 — 1,5% мум ва ёғлар бор. Ипак қуртининг турига қараб, пилла толасининг уз. 400—1500 м, ингичкалигини ифодаловчи кўрсаткич — метрик номери (№) 2500—3500 ёки 0,4—0,3 текс бўлади. Битта пилладан олинадиган тола жуда ингичка бўлгани сабабли саноатда ишлатилмайди. Пиллакашлик ф-касида пиллани қайнатиб, ҳар бир пилладаги тола учи топиб, чувилади. Толаларнинг 5—10 таси узунасига қўшиб йигирилиб, калава ҳолидаги хом ипак олинади. Қайнатилган пилланинг ҳам-масидан Ипак чиқмайди; пилла толасининг 10—15% ғумбак билан бирга қолади.

Бу қолдиқ пилла чиқиндисидир. Уларни ҳам йигириб Ипак олинади. Нам Ипак толасининг пишиклиги 10—15% га ка-маяди. Ипак яхши электр изоляция материали ҳисобланади. Ипак олиш учун катта меҳнат сарф бўлади. Шу сабабли Ипак қимматбаҳо тўқимачилик хом ашёсига киради. Ипакдан шойи тўқиш, пишитилган ип тайёрлаш ва техника, авиация, космонавтика, электротехника мақсадларида фойдаланилади (қ. Пиллачилик). Зоҳиджон Обиджонов.

Loading...