ИҚТИСОДИЁТ — 1) кишилар томонидан меҳнатни қўллаган ҳолда инсон учун зарурий бўлган неъматлар, ҳаёт шароитлари ва воситаларини яратиш орқали тирикчиликни таъминлаш, эҳтиёжларни қондиришда фойдаланиладиган хўжалик, воситалар, объектлар, жараёнлар мажмуи. Ишлаб чиқариш, айирбошлаш, тақсимот, истеъмол соҳасидаги ижтимоий муносабатларни қамрайди; 2) муайян мамлакатнинг миллий халқ хўжалиги ёки унинг бир тармоғи (транспорт И. и, қишлоқ хўжалиги И. и ва б.); 3) хўжаликнинг у ёки бу тармоғини, минтақа хўжалигини, и. ч. ни ташкил этиш усуллари ва шаклларини, шунингдек, и. ч. ни бошқаришни ўрганадиган иқтисодиёт фанлари (саноат И. и, савдо И. и ва б.).