ИҚТО

ИҚТО, иқтоъ, иқта (араб.) — Мовароуннаҳр, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида ўрта асрларда ҳукмдор томонидан катта хизматлари эвазига инъом қилинган чек ер. И. эгаси иқтодор деб аталган. Иқто ҳақида дастлабки маълумотлар 7-а. охирига мансуб араб манбаларида учрайди. Ҳукмдор Иқтони истаган вақтида қайтариб олиб бошқа кишига тортиқ қилиши ҳам мумкин бўлган. 9-а. да халифа томонидан амирга идора қилиш учун берилган вилоятлар ҳам Иқто деб атала бошланган. Абу Аб-дулло Хоразмий И. нинг келиб чиқишини изоҳлаб, «Мафотих ул-улум» («Ил-мларнинг калитлари») асарида бундай деб ёзади: «Султон томонидан бирор кишига тортиқ қилиб берилган ер Иқто деб аталади ва унинг мулки бўлиб қолади». И. ерлари давлат мулки ҳисобланган. 10-а. дан бошлаб хусусий мулкка айлана бошлаган. Амир ўзи ҳукмронлик қилаётган ушбу вилоятлар соли-ғини бутунлай ёки қисман ўзлаштириш ҳуқуқига эга бўлган. Иқто 9—13-а. да Мовароуннаҳр ва Эронда ҳам (салжуқийлар, қорахонийлар ва ҳулокуийлар даврида) кенг тарқалган. Темуриплар даврида Иқто ўрнида тиул ва суюрғол, бобурийлар даврида эса жогир атамалари қўлланган.

Ад.: Низом ул мулк, Сиёсатнома, Т., 1997; Ҳофиз Таниш ал-Бухорий, Абдулланома, 1—2-ж. лар, Т., 1999, 2000.