ИРҒИЗ — Қозоғистон Республикасининг Оқтўба вилоятидаги дарё. Тўрғайнинг ўнг ирмоғи. Уз. 593 км, ҳавзасининг майд. 31,6 минг км2. Муғожар тоғларининг шарқий ён бағридан бошланади. Ёзда қуйи қисми қуриб, сув фақат дарё ўзанининг чуқурроқ қисмларида сақланиб қолади. Ирғизнинг юқори оқимида суви чучук, қуйи оқимида шўрроқ. Асосан, қордан тўйинади. Қуйилиш жойида ўртача йиллик сув сарфи 7,56 м3/сек. Нояб. да музлаб апр. нинг иккинчи ярмида муздан бўшайди.