ИСФАҲОН МИНИАТЮРА МАКТАБИ

ИСФАҲОН МИНИАТЮРА МАКТАБИ — 16 — 17-а. лар чегарасида Исфаҳон (Эрон)да сафавий шоҳ Аббос 1 саройида шаклланган миниатюра мактаби. Маҳаллий бадиий мактаб хусусиятларини ўзлаштирган Исфаҳон миниатюра мактаби айни вақтда ўз асрининг янги бадиий ғояларини ифодалаган. Янги ифода воситалари ва мазмун (сюжетлар) излаш натижасида анъанавий миниатюрага янги руҳ, йўналиш бағишлаган, китоб иллюст-рацияси доирасидан чиқиб, мураққа (альбом)ларда, алоҳида варақларда расмлар ишлана бошлаган. Мусаввирни инсоннинг руҳий олами қизиқтира бошлаши манзаралар билан бойитилган портретлар, чизикларига эътибор қара-тилган расмларни яратишга олиб келган. 17-а. нинг йирик мусаввирларидан Ризо Аббосий («Чўпон», 1634, Санкт-Петербургда) Исфаҳон миниатюра мактаби услубини яратувчиларидан бўлди. У Эрон миниатюраларидаги рангдор бўёқлардан воз кечиб, янги тасвир воситалари (чизиқлар, шакллар)га мурожаат этган, на-тижада расм биринчи ўринга ўтиб, ранг бир оз енгил тус сифатидагина қўлланилган. Кейинчалик Исфаҳон миниатюра мактаби (Муҳаммад Қосим, Афзал улҳусайний, Муҳаммад Юсуф ва б. ижоди)да шакллар йирик, ҳаётий лавхалар ва манзара янада реал ифодаланган, кийимлар безаги ва замин тасвирида зарҳалдан кенг фойдаланилган, янги мазмун билан бой-итилган асарлар яратиш характерли бўлган. 17а. 70-й. ларидан европа рангтасвирининг таъсири кучайган. Муҳаммад Замон, Али Қулибек Жаббор ва б. асарларида нурсоянинг айрим хусуси-ятлари кузатилади, христиан мифологияси мавзуи кўплаб учрайди. 18-а. бошларига келиб Исфаҳон миниатюра мактабида «европалаштириш»дан иборат йўналиш етакчи ўрин эгаллаган.

Loading...