ИШОНЧ ЁРЛИҒИ — бирор шахснинг муайян мамлакатда элчи ёки дипломатик вакил сифатида тайинланганлигини тасдикловчи расмий хат шаклидаги махсус ҳужжат. Ёрлиқ хорижий давлат бошлиғи номидан уни қабул қилувчи давлат бошлиғига йўлланади. Ишонч ёрлиғида мазкур шахсга давлат манфаатларини ифодалаш топширилганлиги, унинг сўзлари ва ҳаракатларига ишониш ло-зимлиги таъкидланади. Давлат бошлиғи томонидан Ишонч ёрлиғининг қабул қилиниши тайинланган ва етиб келган хорижий мамлакат ёки халқаро ташкилот элчиси ёки дипломатик вакили мазкур давлатда аккредитация қилингани, яъни ўз вазифаларини бажаришга расман киришганлигини билдиради. Дипломатик вакиллар вазифаларининг тугаши давлат бошлиғига чақирув ёрлиғини такдим этиш билан расмийлаштирилади. Ўзбекистон Республикасида бу борадаги қонун-қоидалар «Ўзбекистон Рес-публикасининг хорижий давлатлардаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарларини тайинлаш ва чақириб олиш тартиби» тўғрисидаги қонун (1992 й. 3 июль) билан белгиланади. Мазкур қонун «Дипломатик алоқалар тўғрисида»ги Вена конвенцияси ва б. умум эътироф этган халқаро ҳуқуқий нормалар ва қоидаларга тўла мувофикдир.