ИШТАҲА

ИШТАҲА — организмнинг овқатга бўлган ёқимли эҳтиёж сезгиси, шунингдек, унга кирадиган озиқ моддалар миқдорини белгилайдиган физиологик механизм. И. пайдо бўлиши бош миянинг овқат маркази фаолияти билан узвий боғлиқ. Иштаҳанинг очилишида шартсиз (мас, овқатнинг ҳидини ва маза-сини сезиш) ва шартли рефлекслар муҳим роль ўйнайди. Иштаҳа марказий нерв системаси маълум бўлимларининг қўзғалиши натижасида юзага келади ва бунда сўлак, ҳазм шираси ажралади, меъда-ичак йўли перистальтикаси (ҳаракати) кучаяди, натижада ҳазм аъзолари овқат қабул қилишга тайёр туради. Мазали қилиб пиширилган таом, унинг чиройли кўриниши ва хушбўйлиги, дастурхонга безаб тортилиши Иштаҳани очади. Аксинча, таомнинг кўриниши ёки ҳиди хунукроқ бўлса, Иштаҳа бўғилади.

Овқатни ҳар доим муайян соатларда истеъмол қилиш, унинг сифати ва миқдори Иштаҳа нормал бўлиши учун аҳамиятли. Овқатланиш режимининг бузилиши Иштаҳа айнишига олиб келади ва у турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Иштаҳанинг 3 хил ўзгариши: сусайиши, ҳатто йўқолиши (анорексия), кучайиши (булимия) ва бузилиши (парорексия) кузатилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам врачга мурожаат этиш ва унинг тавсияларига амал қилиш керак.