ИСЛИМИЙ

ИСЛИМИЙ — ўсимликсимон шаклдаги такрорланувчи тақсимлардан тузилган асосий нақш тури. Нақш асосини таноб, банд, барг, буталар ташкил этади. Ислимий бир-бирига узлуксиз уланиб, ўралиб кетадиган чирмовиқсимон, ўсимликсимон нақшларнинг такрорланишидан ташкил топади. Шунинг учун баъзан усталар уни ўрама ёки ўсимликсимон нақш деб ҳам атайдилар. Ислимий нақшнинг хиллари кўп, у қайси шакл билан тўлдирилса, нақш шу шаклнинг номи билан аталади: И. барг, Ислимий бар-гак, Ислимий бофта, Ислимий гул, Ислимий занжира, Ислимий мадоҳил, Ислимий меҳроб ва б. юздан ортиқ содда ва мураккаб турлари мавжуд. Бу нақш турлари янада кўпайиб бормоқда. Ислимий нақшларнинг ҳунармандлик ривожланган шаҳарлар номлари билан аталган хиллари ҳам бор: Исфаҳони Ислимий, Араби И., Машҳади Ислимий ва б. Турли даврларда яшаган халқ усталари янги-янги Ислимий хилларини яратган ва буюмлар бе-заги (ганчкорлик, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, мискарлик, зардўзлик, кулолчилик, гиламчилик, каштадўзлик ва б.)да кенг қўллаган. Шунингдек, уни янада жозибали қилиш мақсадида нақшларда қўшимча материаллардан фойдаланилган. Мас, заргарлик, кан-дакорлик, мискарликда қимматбаҳо тошлар, қаҳрабо ва б. қадалган. Бу услуб Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Афғонистон усталари томонидан кенг фойдаланилган. Ислимий нақшнинг наққошдан катта тажри-ба ва маҳорат талаб қиладиган мураккаб хиллари ҳам бор. Хива (Пахлавон Маҳмуд мақбараси гумбаз ости бағаллари), Бухоро, Самарқанд (Регистон ансамбли, Шердор Мадраса равоғи, меҳроби), Тошкент, Қўқон, Марғилон, Андижон шаҳарларида ёғоч уймакори (А. Абдураҳимов ва б.), мискар (Абдулла ҳожи ва б.), зардўз (Н. Аминов ва б.), ганчкор, каштадўз усталар ишларида кенг қўлланилган, ҳозир ҳам Ислимий нақшлардан кенг фойдаланилади. Халқ усталаридан С. Махмудов, Ж. Ҳакимов, Т. Тўхтахўжаев, О. Файзуллаев, Н. Иброҳимов, М. Усмонов, К. Каримов ва б. нинг ижодларида буни кўриш мумкин. Шунингдек, китоб ва жур. ларни безашда ҳам Ислимий нақш хиллари кенг қўлланилади. Бу сохдда график рассом И. Икромовнцнг хизмати катта.

Loading...