ИСЛОМХЎЖА МАДРАСАСИ ВА МИНОРАСИ

ИСЛОМХЎЖА МАДРАСАСИ ВА МИНОРАСИ — Хивадаги меъморий ёдгорлик. Ичан қалъа марказида жойлашган. Хива хони Асфандиёрхоннмт бош вазири ва қайнотаси Исломхўжа қурдирган (1908—10). Мадраса (42,8*32,5)нинг бош тарзи икки қаватли. Ҳовли (23×20) атрофи бир қаватли кичик ҳужралар (жами 42 та) билан ўралган. Бош тарзининг ҳовлига қараган иккинчи қаватида айвон бор. Мадрасанинг жан. шарқидаги масжид гумбазли, меҳроби кошин ва ганчкори нақш б-н безатилган. Олд томонида Хивадаги энг баланд минора (44,6 м) қад кўтарган. Асосининг диаметри —9,5 м. Юқорига томон ингичкалашиб боради. Кўк, яшил рангли нақшлар билан бел-боғлар ишланган. Қафасасига панжаралар ўрнатилиб, юқориси муқарнасли шарафа ва қубба б-н якунланган. Минора шаҳарнинг деярли ҳамма томонидан кўзга яққол ташланиб туради. Исломхўжа мадрасаси ва минораси ва м. ни қуришда меъмор Худойберган ҳожи, наққошлар Эшмуҳаммад Худойбердиев, Болта Воисов ва б. катнашган.