ИСМОИЛ

ИСМОИЛ — Қуръонда номи зикр этилган пайғамбарлардан бири. Иброҳим (ас)нинг ўғли. Қуръонда у ўз ахлини намоз ўқиш, закот беришга буюрганлиги ёзилган. И. Аллоҳнинг амри бўйича ўз отаси билан Каъба ибодатхонасини бунёд этган.

Ривоятларда И. Иброҳим(ас)нинг Ҳожар исмли чўрисидан туғилганлиги ҳикоя қилинган: Иброҳим (ас) Парвардигорнинг амри ва Сора (Иброҳимнинг хотини)нинг хоҳишига кўра Ҳожарни олиб Арабистон (Макка) томон кетади. Исмоил ўша ерда туғилади, онаси уни ювиш учун сув қидириб Сафо ва Марва тепаликлари оралиғида етти марта югурган (ҳожиларнинг бу тепаликлар оралиғида югуриш одатининг келиб чиқиши шу воқеа билан боғланади). Шу пайт Исмоил тепинганда унинг оёғи остидан Замзам булоғи пайдо бўлган, ундан муқаддас сув отилиб чиққан. Исломда Иброҳим (ас) Исмоилни Аллоҳга қурбон қилмоқчи бўлганлиги, лекин шу дам унинг ўрнига қўчқор юборилганлиги ривоят қилинади. Исмоил вояга етгач, шу атрофда яшовчи журҳум қабиласидан бир қизга уйланади, кейин у билан ажрашиб шу қабиланинг бошқа қизига уйланади. Хотинларидан араб тилини ўрганади. Араб насабшуносларига кўра, шим. араб қабилаларининг ҳаммаси Исмоилдан тарқалган. Ривоят қили-нишича, Исмоил алайҳиссалом 137 й. умр кўрган. Араб тарихчиларининг фикрича, Маккада вафот этган ва Ҳожар ёнига дафн қилинган.

Loading...