
ИСМОИЛОВ
ИСМОИЛОВ Абдулҳошим (1952.9.6, Фарғона вилояти, Қува тумани) — созанда (ғижжак), бастакор. Ўзбекистон халқ артисти (1990). Тошкент консерваториясининг шарқ мусиқаси кафедрасини тугатган (1989). Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг маком ансамблида созанда (1974—85), мусиқа раҳбари (198587), бадиий раҳбар (1987-96 ва 1999 й. дан), «Ўзбекнаво» концерт-гастроль бирлашмасида созанда (1997—99). Ижро услубига нозиклик ва майинлик, қочирим-нолаларни, ранг-баранг усулларни усталик ва моҳирона ишлатиш хос. Исмоилов раҳбарлигидаги чолғу ансамбли (А. Абдурашидов, А. Холтожиев ва б.) ижроси орқали ўзбек мусиқасига янги — гуруҳли бадиҳа услуби кириб келди. Репертуаридан йирик халқ чолғу куйлари («Чўли Ироқ», «Насруллойи», «Наврўзи Ажам» ва б.), мақом йўллари («Чоргоҳ», «Сегоҳ», «Дугоҳ») ва б.) кенг ўрин олган. Бастакор сифатида ўзининг ашула, қўшиқ ва яллалари («Бўлмас», «Ноз», «Эрка булбул», «Сен ўзинг», «Ўзбекистон», «Тошкентим»,«Ёримга айтинг», «Учрашув», «Нетай», «Тоғ қизи» ва б.), чолгу ва рақс куйлари («Ҳолим сўрма», «Гуллола», «Тўёна», «Дил байрами» ва б.) билан шуҳрат қозонган. Қатор хорижий мамлакатларда ўз ижрочилик маҳоратини намойиш этган. Мақом ижрочиларининг 1-республика танлови лауреати (1983).