ИССИҚ — сак қабилаларининг мозор-қўрғони (мил. ав. 5—4-а. лар). Олмаотадан 50 км шарқда, Иссиқ дарёси бўйида жойлашган подшоҳ мозорқўрғонлари (жами 45) дан бири. 70-й. ларда Қо-зогистон археология экспедицияси (Акишев К. А.) текширган. Бал. 6 м, диаметри 60 м. Ходалардан ишланган 2 қабр топилган: бири таланган, 2 сига эса ҳарбий аслзода — қабила бошлиги кўмилган. Ундан 30 дан зиёд сопол, ёғоч, кумуш, жез идишлар, 4 мингдан ортиқ тилла безаклар, кумуш қошиқ, 26 мунчоқ топилган. Кийимларга тақиладиган олтин пластинкалар ва скифларнинг «ҳайвон тасвири услуби»да ишланган олтин тўқалар (кийик, йўлбарс, шер, қоплон, от ва тоғ эчкилари ёки уларнинг боши акс эттирилган), олтин исирға, узук, бўйинга та-қиладиган (3 қаторли олтин) ҳалқа, жез кўзгу, темир қилич ва ханжар (олтин қадамалар билан безатилган), бурама ханжар айниқса моҳирона ишланган. Пайкон тилладан ясалган бўлиб, камон тилла тасма билан ўралган. Шунингдек, архар, қушларнинг ҳайкалчалари ҳам топилган. Буюмларнинг ясалиш усули, бадиий образлар уларнинг маҳаллий усталар томонидан ясалганлигидан далолат беради. Иссиқдан топилган қад. ёзув (кичик кумуш идишдаги ёзув — 26 белги) Еттисув саклари жамиятининг ривожланиш даражаси бўйича Евросиёнинг ўша даврдаги бошқа жамиятлар билан бир қаторга қўйиш имконини беради, чунки у Ўрта Осиё ва Қозоғистон ҳудудларидаги энг қад. ёзув ёдгорлиги ҳисобланади. Туркийшунослар (А. Аманжолов, А. Маҳмудов) нинг фик-рича, у Урхун-Енисей ёзув ёдгорлиги алифбосининг бир кўриниши — қад. туркий тилнинг Олтой диалектида битилган.
/W.: Акише в К. А., Курган Иссык, М., 1978.