ИСТАХРИЙ, Абу Исҳоқ ал-Форисий ал-Истахрий (тахм. 850—934) — географ олим, Эроннинг Форс вилоятида яшаган. Эронзамин, Мовароуннаҳр, Арабистон я. о., Миср, Испания, Мағриб (Шим. Африка) мамлакатларига са-ёҳат қилган.
Истахрийнинг геогр. соҳасидаги илмий мероси 930—933 й. ларда араб тилида ёзилган «Китоб масолик ва-л-мамолик» («Йўллар ва мамлакатлар китоби; бошқа номи «Китоб ал-аҳолим» — «Иқлимлар китоби») асарида ўз аксини топган. Мазкур асар Абу Зайд ибн Саҳл Балхийнинг «Сувар ул-аҳолим» асари асосида тузилган ва 10-а. ўртасида оммалашган. Истахрий асарида рубъи мас-кун (ер юзининг обод чораги) нинг умумий тавсифи ва ўлкалар ҳақида географик маълумотлар (чегаралари, шаҳар ва қишлоқлари, жоме масжидлар сони, манзиллар, наҳр (канал)лар, карвон йўллари, хўжалиги, элатлари ва ҳ. к.) берилган. Жумладан: Араб диёри, Мағриб, Шом, Ироқ, Хузистон, Форс, Кермон, Озарбайжон, Ҳуросон, Мовароуннаҳр ва б. қайд этилган. Ўлкалар тавсифига уларнинг хариталари ҳам чизиб илова қилинган. Мовароуннаҳр тавсифи ва харитасида Ўрта Осиёнинг сувлари (Орол денгизи, Амударё, Сир-дарё, Зарафшон, каналлар), аҳоли мас-канлари кабилар тўғрисида маълумот бор. И. нинг ушбу асарини 976 й. Ибн Ҳавқал тузатиб, тўлдириб янги асар тузди ва уни «Китоб ал-масолик ва-л-мамолик» деб атади. Истахрий асарининг бир неча форсий таржималари бор, арабчаси Европада илмий нашр қилинган (1870).