ИСТЕЪМОЛ — иқтисодий эҳтиёжларни қондириш жараёнида моддий ва маънавий неъматлардан фойдаланиш, такрор и. ч. жараёнининг охирги босқичи. Истеъмол турига кўра, ишлаб чиқариш истеъмоли ва ноишлаб чиқариш Истеъмолга бўлинади. Ишлаб чиқариш истеъмоли и. ч. жараёнида хом ашё, машина, ёқилғи, ёрдамчи материаллар ва б. ишлаб чиқариш воситаларининг, ҳамда ишчи кучи (жисмоний ва маънавий энергия) нинг сарфланишини билдиради. Шу сабабли и. ч. истеъмолчи бевосита и. ч. жараёнига киради. Ноишлаб чиқариш истеъмоли и . ч . доирасидан четда юз беради. Бу жараёнда истеъмол буюмларидан фойдаланилади ёки улар тамомила Истеъмол этилади. Бундай Истеъмол аҳоли И. (ёки шахсий Истеъмол) ва ижтимоий Истеъмол (умумий ижтимоий Истеъмол)га бўлинади. Шахсий Истеъмол жараёнида кишиларнинг озиқ-овқат, кийим-кечак, уй-жой, дам олиш, саломатликни саклаш каби бевосита шахсий эҳтиёжлари қондирилади. Умумий ижтимоий Истеъмолга бошкариш, фан, мудофаа ва б. га бўлган эҳтиёжларни қондириш киради.
Истеъмолнинг асосини моддий неъматларни и. ч. ташкил қилади ва и. ч. нинг асосий мақсади Истеъмолга хизмат қилишдан иборат. Ўз навбатида Истеъмол ҳам и. ч. га таъсир кўрсатади. Истеъмол билан И. ўртасидаги боғланиш тақсимот ва айирбошлаш орқали амалга ошади. У ёки бу мамлакатда, у ёки бу тарихий даврларда И. нинг умумий даражаси, аҳоли фаровонлигининг ўсиши ишлаб чикарувчи кучларнинг ривожланганлик даражаси билан белгиланади (қ. Истеъмол меьёрлари).