ИСТИСҚО (араб.) — организм бўшлиқлари, тўқималари, хусусан, тери ости ёғ қавати (клетчатка)да суюклик (транссудат) тўпланиши. Суюқлик қайси аъзода йиғилганлигига қараб бош мия, кўкрак, мояк, перикард, қорин ва б. аъзолар Истисқоси фарқ қилинади. Юрак, буйрак касалликлари, ҳомиладорлик токсикозлари ва б. касалликларда кузатилади. Кўз И. си гидрофтальм, бош мия И. си гидроцефалия, плевра И. си гидроторакс, қорин Истисқоси асцит, бачадон найи Истисқоси гидросальпинкс, мояк пардалари Истисқоси гидроцеле, перикард И. си гидроперикард, бўғим И. си гидроартрит деб аталади. Ҳомиладорлар Истисқоси, уруғ тизимчаси Истисқоси, кўз ёши халтачаси Истисқоси ажратилади. Абу Али ибн Сино ноғорасимон Истисқо (ел Истисқоси)ни ҳам ажратади. Истисқонинг умумий ва маҳаллий хиллари бор. Умумий Истисқо юрак-томир системаси (юрак шишлари, бунда шиш кўпроқ тананинг пастки қисмларида бўлади), буйрак касалликлари, ҳолдан тойиш ва оқсил етишмовчилиги ҳолатларида юзага келади. Маҳаллий Истисқо кўпинча тананинг маълум бир қисмидаги веналар (дарвоза, сон веналари ва б.)нинг қисилиши натижасида пайдо бўлади. Истисқода организмда моддалар алмашинувининг барча тури издан чиқади, бу дистрофия, ҳатто тўқималарнинг иришига олиб келади.
Давоси. Асосий касаллик бартараф қилинади. Суюклик кўп йиғилганда хирургик даво қўлланилади.