ИТУЗУМДОШЛАР

ИТУЗУМДОШЛАР (Solanaceae) – икки уруғпаллалилар синфига мансуб ўсимликлар оиласи. Ўт, бутачалар, лианалар ва кичик дарахтлардан иборат. Барглари ёнбаргчасиз, кетма-кет жойлашган, гуллари икки жинсли. Косачаси ва гултожи 5 бўлакли. Чангчиси 5 та. Меваси — резавор ёки кўсакча. Итузумдошларнинг 90 туркуми, 2900 тури бўлиб, улар ер шарининг мўътадил иқлимли, тропик, субтропик минтақаларда, ху-сусан, Жан. ва Марказий Америкада кенг тарқалган. Итузум, помидор, мандрагора, оқчинғил каби туркумлари катта аҳамиятга эга. Итузумдошларга картошка, помидор, тамакигул, тамаки ва б. экинлар киради. Кўпчилик Итузумдошлар — скополия, мингдевона, бангидевона ва б. таркибида алкалоидлар бор. Баъзи Итузумдошлар манзарали ўсимлик сифатида ўстирилади.

Loading...