ИХАРА

ИХАРА, Ибара Сайкаку (тахаллуслари; асл исмшарифи Хираяма Того) (1642—1693) — япон ёзувчиси. Япон шеъриятига хос рэнга ҳажвий жанрида ёзилган шеърий тўпламлари эълон қилинган. «Ёлғиз эркакнинг ишқий саргузаштлари» (1682) китоби машҳур. «Ёлғиз аёлнинг ишқий саргузаштлари» (1686) номли роман ҳам Ихара каламига мансуб. Бундан ташқари, «Ишққа мубтало бўлган беш аёл» (1686) қис-салар тўплами, «Сайкакунинг барча вилоятлардан тўплаган ҳикоялари» (1685) ва б. китобларида ишқ-муҳаббат мав-зуси қаламга олинган. Ихара умрининг охирларида шаҳарликларни одоб-ахлоққа чорловчи, аслзодалар ҳаётига тақлид қилмасликни тарғиб этувчи насиҳат тарзида асарлар яратган («Эй-тайгура», 1688 ва б.). И. япон ёзувчилари орасида биринчилардан бўлиб, замонавий шаҳар ҳаётини ҳаққоний тасвирлаб берган. У учинчи табақага мансуб аҳолининг ҳақҳуқукларини ҳимоя қилади, тенглик ғоясини улуғлайди. Ихарани японларнинг Бокаччоси деб атайдилар. У миллий адабиётни нафақат янги мазмун б-н, балки услубий жиҳатдан ҳам янада бойитди.