ИЗБОСКАН ТУМАНИ

ИЗБОСКАН ТУМАНИАндижон вилояти шим. да жойлашган. 1926 й. 29 сент. да ташкил этилган. Андижон вилоятининг Пахтаобод, Андижон, Балиқчи, Олтинкўл туманлари, Наманган вилояти, Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 0,28 минг км2. Аҳолиси 170,6 минг киши (2001). Избоскан туманида 1 шаҳар (Пойтуғ) ва 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Избоскан, Намуна, Шерматобод, Эркин, Яккатут, Янги-замон, Янгиқишлоқ, Ўртоклар, Қизил Юлдуз) бор. Маркази — Пойтуғ ш.

Табиати. Избоскан тумани рельефи асосан пасттекислик бўлиб, жан.-ғарбга томон пасайиб боради. Шим. қисми Мойлисой адирларидан иборат. Иқлими мўътадил икдим. Июлнинг ўртача т-раси 27°, янв. ники — 3°. Вегетация даври 240—255 кун. Йилига ўртача 300 — 500 мм ёғин тушади. Туман ҳудудидан Катта Фарғона канали, Қорадарё, Мойлисой, Тентаксой оқиб ўтади. Асосан, бўз тупроқ, тўқ ва оч тусли ўтлоқи, ботқоқ-ўтлоқи тупроқлар тарқалган. Ёввойи ўсимликлардан юлғун, қамиш, янтоқ, шўра ва б. ўсади. Ёввойи ҳайвонлардан чиябўри, тулки, бўри, қобон, ёввойи эчки, кемирувчилардан сув каламуши, қушлардан каптар, тустовуқ, ўрдак, ғоз, лайлак, каклик, бедана, қорабовур, бургут, бойўғли, қалдирғоч, чумчуқ, булбул, зоғча, қарға, ҳакка ва б. яшайди.

Аҳолисининг аксари қисми ўзбеклар (99,7%). 1 км2 га ўртача 609 киши тўғри келади.

Хўжалиги. Избоскан туманида Пойтуғ ип йигирув ва тўқув ф-каси, Чувама ип йигирув ф-каси, Избоскан шойи тўқиш ф-каси (кимёвий хом ашё асосида), Тўрткўл пойабзал ф-каси, газ тўлдириш ст-яси ишлаб турибди. 450 дан зиёд кичик ва хусусий корхона, шунингдек, қўшма корхоналар ташкил этилган.

Қ. х. нинг асосий тармоғи — пахтачилик ва ғаллачилик. Сабзавотчилик, полиз экинлари етиштириш, боғдорчилик ҳам ривожланган. Умумий экин майд. 16,3 минг га, шундан 8,8 минг гектарга пахта, 5,9 минг гектарга донли экинлар экилади. 585 га ер боғ, 64 га токзор. Туманда 15 ширкат хўжалиги, акциядорлик жамияти, хужаликлараро чорвачилик корхонаси, «Истиқбол» чорвачилик корхонаси, мева-кўчатчилик тажриба хўжалиги, уруғчилик тажриба хўжалиги, ўрмончилик хўжалиги (Қорадарё ўрмон хўжалиги, 161 га; Қоракўл ўрмон хўжалиги, 22 га; Луғумбек ўрмон хўжалиги, 87 га) мавжуд. Туман ширкат ва шахсий хўжаликларида 32,3 минг қорамол, шундан 14,5 минг сигир, 27,8 минг қўй ва эчки, 622 от боқилади. Туман ҳудудидан автомобиль йўллари, Андижон — Учқўрғон (15 км) т. й. ўтган.

50 га яқин умумий таълим мактабида қарийб 40 минг ўқувчи, касбҳунар бизнес мактабида 670 ўқувчи, 2 лицей-интернатда 236 ўқувчи, тасвирий санъат лицей-интернатида 312 ўқувчи, 1 гимназияда 300 дан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Туманда миллим банк бўлими, марказий кутубхона, 35 жамоат кутубхонаси, мусиқа мактаби, марказий маданият уйи, 2 автоклуб, «Олтин соз» халқ ансамбли, ўлкашунослик музейи ишлаб турибди. 4 та 620 ўринли касалхона, 20 ўринли хусусий касалхона, 8 қишлоқ врачлик шохобчаси, 8 врачлик амбулаторияси, 38 фельдшер-акушерлик шохобчаси ва б. фаолият кўрсатмоқда. Жами 275 врач ва ўрта маълумотли тиббий ходим ишлайди. 1929 й. дан «Пахтакор» туман газ. нашр этилади (адади 2150).