ИЗОҲЛИ ЛУҒАТ — лингвистик луғат турларидан бири. Унда, биринчидан, луғатга киритилган ҳар бйр сўзнинг (бош сўзнинг) маъноси, кўп маъноли бўлса, маънолари белгиланади ва қайд этилади. Иккинчидан, бу маъно (маънолар) изоҳланади, яъни тушунтирилади — тавсифий йўл билан қайд этилади. Худди шу хусусиятига кўра «Изоҳли луғат» деб аталади.
Изоҳли луғатга муайян сўз иштирокида ҳосил бўлган иборалар ҳам киритилиши мумкин (чунки улар ҳам, умуман олганда, луғавий бирлик ҳисобланади). Mac, «қўл» ёки «гул» сўзлари учун тузилган луғат мақоласидан бирида «қўли гул» ибораси ҳам берилади, маъноси белгиланиб қайд этилади ва изоҳланади. Лингвистик луғатларнинг бошқа турларида ҳам (мас, терминологик, таржима луғатларида) уларга киритилган луғавий бирликларнинг, яъни сўз ва турғун бирикмаларнинг маъноси (маънолари) белгиланиши қайд этилиши ва изоҳданиши мумкин. Бундай луғатлар ҳам ана шу хусусияти билан Изоҳли луғатлар қаторига киради. Улар, одатда, лингвистик луғатнинг қайси турига мансублигига ва изоҳли эканига кўра номланади. Мас, «Ўзбек тили синонимларининг изоҳли луғати», «Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати» ва б.
Ўзбек тилининг нисбатан мукаммал Изоҳли луғати тарихда биринчи марта Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт интида тай-ёрланиб (муаллифлари: С. Ф. Акобиров, Т. А. Алиқулов, С. И. Иброҳимов, Н. М. Маматов, 3. М. Миртожиев, Г. Н. Михайлов, А. Р. Рустамов, А. Т. Хўжахо-нов, А. П. Ҳожиев), 3. М. Маъруфов таҳрири остида нашр этилди (Москва, 1981). Мазкур луғат 2 жилдли бўлиб, 60000 сўз ва сўз бирикмасини қамраб олган.
Ўзбекистон мустақилликка эришиб, маданий ва миллий қадриятларга эътибор кучайганлиги муносабати билан ўзбек тилининг сўз бойлиги янада кенгроқ қамраб олинган янги Изоҳли луғат нашр этиш зарурати пайдо бўлди. Ўзбекистон ФА Тил ва адабиёт ин-ти ва «Ўзбекистон миллий энциклопедияси» давлат илмий нашриётида ўзбек тилининг кўп жилдли Изоҳли луғати нашри устида иш олиб бориляпти.