ИЗОЛЯТОР

ИЗОЛЯТОР — 1) электр кучланиши остида бўлган электр қурилмаларини электрдан ажратиш (изоляциялаш) ва механик боғлаш учун мўлжалланган қурилма. Изолятор диэлектрик ва уни маҳкамлаш деталларидан иборат. Токни ёмон ўтказадиган материаллар (мас, чинни, эбонит, шиша, стеатит, ультрачинни ва б.) дан ясалади. Изоляторнинг тузилиши ва ўлчамлари уларга қўйиладиган механик юк (нагрузка) лар ва қурилмадаги электр кучланишга, ишлатиш шароитларига қараб танланади. Электр узатиш линияларидаги очиқ электр ст-ялари ҳамда кичик ст-ялардаги Изоляторга атмосфера, ёгингарчиликлар кучли таъсир этади. Бундай ҳолларда Изоляторнинг ташки юзаси мураккаб шаклларда ясалади, 6—35 кВ кучланишли электр узатиш линияларида штирли Изолятор, ундан юқори кучланишли линияларда Изолятор шодалари, ичига трансформатор мойи тўлдирилган чинни корпусли Изолятор қўлланилади;

2) солиштирма электр қаршилиги катта бўлган модда (диэлектрик);

3) радиотехникада — электр қаршилиги катта бўлган 2 симли ёки коакси-ал линиянинг қисқа туташтирилган бўлаги.