ИЗОТОП ЭФФЕКТЛАР

ИЗОТОП ЭФФЕКТЛАР — бирор элементнинг изотоплари ўртасидаги ёки унинг бир изотопи бошқа изотопига алмашинганида модда хоссаларини ифодаловчи катталиклар қийматининг ўзгариши. Радиоактив емирилиш вақтида изотоплар хоссалари (энергия ва емирилиш турлари)нинг ўзгариши Изотоп эффектларга кирмайди. Изотоп эффектлар изотопларнинг турли термодинамик ва кинетик хоссаларига боғлиқ, яъни изотопларнинг оғирлиги орасидаги фарқ қанча катта бўлса, шунча аниқ кузатилади (мас, водороднинг енгил ва оғир изотоплари). Элементлар даврий системасининг 2-давридаги енгил элементлар (Li — Ne) учун бу фарқ 35% дан, 3-давридагилар (Na—Аг) учун 20% дан, 4-, 5-давридагилар (К—Кг) ва (Rb—Хе) учун 15% дан ва булардан оғирроқ элементлар учун 10% дан ошмайди.

Изотоплар оғирликларининг ҳар хил бўлиши спектрал чизикларнинг силжишига, изотоп бирикмаларининг зичлиги, ёруғлик синдириш кўрсаткичи, диффузия коэффициента, ионлар солиштирма зарядларининг ўзгаришига сабаб бўлади. Изотоп эффектлар элементларда иссиқлик сиғими, иссиклик ўтказувчанлик, эриш ва буғланиш т-раси, тўйинган буғларнинг эластиклиги каби термодинамик хоссаларни юзага келтиради. Ядро реакцияларида элементлар бошқа элементларга айланганида ҳам Изотоп эффектлар кузатилади. Изотоп эффектлар изотоплар хоссаларидаги фарққа кўра, изотопларни бир-биридан ажратиш ва изотоп аралашмаларда улар миқдорини аниқлаш имконини беради.