
ЖАБҒУ
ЖАБҒУ, ябғу — 1) кушонлар даврида олий унвонлардан бири;
2) Турк хоқонлигида қаған ва тегин (хонзода, тахт вориси) каби маъмурий-ҳарбий мансаблардан кейин турадиган унвон. Ҳарбий саркарда сифатида қўшиннинг ўнг қанотига сардорлик қилган. Бу мансабни эгаллашга фақат қаған уруғидан чиққан шахсларгина ҳақли бўлган. Хитой солномаларида таъкидланишича, Жабғу ҳукмдордан сўнг олий маъмурий-ҳарбий мансаб сифатида фаолият кўрсатган. Ғарбий турк хоқонлигида Жабғу истилоҳи давлат бошлиғи ва олий бош қўмондон маъносида истеъмолда бўлган. «Тарихи Табарий»да қайд этилишича, Тохаристон ҳукмдори Жабғу унвонини эгаллаб турган. Биринчи Турк хоқонлиги барпо бўлгунга қадар, Ашина уруғига мансуб бўлган турклар элида энг олий маъмурий-ҳарбий унвон Жабғу ҳисобланган. Хоқонлик ташкил этилгач, давлат бошлиғи қаған, унинг ноиби эса Жабғу деб аталган. Турк хоқонлигига асос солингандан сўнг Жабғу унвонини эгаллаб турган Буминта қаған, унинг иниси Иапамига баҳодур-жабғу унвони берилади. Маҳмуд Кошғарийнинг «Девону луғотит турк» асарида Жабғу «йафғу» фонетик шаклида қўлланган бўлиб, «хоқондан икки даража паст ўринда бўлган одам» тарзида изохланган;
3) Ўғузлар ва қарлуқлар ҳукмдори.