ЖАБРЛАНУВЧИ

ЖАБРЛАНУВЧИжиноят оқибатида ёхуд ақли норасо шахснинг ижтимоий хавфли қилмиши натижасида маънавий, жисмоний ёки мулкий зарар кўрган шахc. Маънавий зарар фуқаронинг орномуси ва инсоний қадр-қимматини топташда, уни бошқа фуқаролар олдида камситишда, жамоатчилик олдида обрўини туширишда ва бадном қилишда ифодаланади. Жисмоний зарар — фуқаронинг баданига шикаcт ва соғлиғига путур етказиш, жисмоний азоб ва оғрикларга дучор қилиш, мулкий зарар — шахcий мулкни ғайриқонуний равишда олиш, унга шикаcт етказиш ёки мулкка эгалик қилиш ҳуқуқини бузиш демакдир. Фуқарони Жабрланувчи деб топиш ҳақида суриштирувчи, терговчи ва прокурор — қарор, суд эса — ажрим чикаради. Агар Жабрланувчи вояга етмаган ёки муомалага лаёкатсиз деб топилган бўлса, ишда унинг қонуний вакили иштирок этади. Жабрланувчининг ўлими билан тугаган жиноят ишларида Жабрланувчи ҳуқуклари қонунга биноан яқин қариндошларига ўтади.

Жабрланувчига жиноят ишида фаол иштирок этиш ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун кенг ваколатлар берилган. Жабрланувчи: кўрсатувлар бериш, далиллар тақдим қилиш, илтимоснома бериш ва рад этиш, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд ҳаракатлари устидан шикоят қилишга; дастлабки тергов тугагандан кейин ишдаги барча материаллар билан танишиб чиқишга; суд муҳoкамаси олиб борилаётган тилни билмаса, ўз она тилида гапириш ва таржимон хизматидан фойдаланишга ҳакли. Жабрланувчи ўз манфаатларини шахсан ўзи ёки ўз вакили орқали ҳимоя қилиши мумкин. Жабрланувчи суд муҳокамасида қатнашаётиб, гувоҳларга, экспертга, судланувчига, бошқа Жабрланувчи ларга, фуқаролик даъвогари ва фуқаролик жавобгарига саволлар, суд терговининг исталган пайтида суд текшираётган иш ҳолатлари юзасидан кўрсатув бериш, арз қилинган фуқаролик даъвосини қувватлаш ҳуқуқига эга. Жабрланувчи ашёвий далиллар ва ҳужжатларни ҳамда жиноят содир бўлган жойни кўздан кечиришда иштирок этиши, суд мажлиси протоколи билан танишиши ва протокол юзасидан ўз мулоҳазаларини маълум қилиши мумкин. Жабрланувчи ҳукм устидан шикоят қилишга, бошқа шахсларнинг шикоят ва прокурор протеста билан танишишга, улар юзасидан эътирозлар билдиришга ҳақли. Жабрланувчи иш юзасидан билганларини маълум қилишга ва қўйилган саволларга жавоб беришга мажбур. Курсатувлар беришдан бош тортганлиги ва била туриб ёлғон курсатувлар берганлиги учун Жабрланувчи жиноий жавобгарликка тортилади (ЎзР ЖПК, 54—55-моддалар).

Loading...