ЖАДИДЧИЛИК

ЖАДИДЧИЛИК (араб, жадид – янги) — 19-а. охири 20-а. бошида Туркистон, Кавказ, Қрим, Татаристон ҳаётида муҳим аҳамият касб этган ижтимоий-сиёсий, маърифий ҳаракат. Ж. дастлаб 19-а. нинг 80-й. ларида Кримда Исмоилбек Гаспринский раҳбарлигида қрим татарлари ўртасида вужудга келди. Жадидчилик ҳаракати намояндалари кўпинча ўзларини тараққийпарварлар, кейинчалик жадидлар деб аташган. Ўша даврнинг илғор тараққийпарвар кучлари, биринчи навбатда, зиёлилар маҳаллий аҳолининг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётганлигини ҳис этиб, жамиятни ислоҳ қилиш заруриятини тушуниб етгандилар. Жадидчилик моҳият эътибори билан аввало сиёсий ҳаракат эди. Унинг шаклланиш ва мағлубиятга учраш даврлари бўлиб, уларни шартли равишда тўртга бўлиш мумкин. Туркистон, Бухоро ва Хива ҳудудида бу даврлар 1895-1905; 1906-16; 1917-20; 1921-29 й. ларни ўз ичига олади.

Биринчи даврда Туркистонда подшо Россиясининг мустаҳкам ўрнашиб олиши кузатилади. У ўз сиёсий агентлари (вакиллари) ёрдамида маҳаллий хон ва амир ваколатларини чеклабгина қолмай, уларни қўғирчоққа айлантириб, рус ва ғарб сармоядорларининг ишлаши ва яшаши учун шароит яратади, турли компаниялар, акциядорлик жамиятлари манфаатини кўзлайди. Айни чоғда маҳаллий аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари назарга олинмай қўйилди, диний эътиқодлари, урф-одатлари билан ҳисоблашмаслик, уларни менсимаслик кучайди. Ҳаётий, илмий савияси юқори бўлган қозилар тажрибасиз кишилар билан алмаштирилди, порахўрлик, ижтимоий-сиёсий адолатсизлик авж олди. Мадраса ва мактаблар фаолиятини чеклаш, маҳаллий жой номларини русча атамалар билан алмаштириш, маҳкама жараёнида қозилар бўйнига хоч тақтиришгача борилдики, ерли аҳолини бу хилда таҳқирлаш ҳоллари мустамлакачиларнинг бедодлигини яққол кўрсатарди. Ўша давр аҳволини Мухаммадали халфа Собир ўғли (Дукчи эшон) халққа қарата ўз «Хитобнома»си (1898) да яхши баён қилган (яна қ. Андижон қўзғолони).

Миллат истиқболини ўйловчи тараққийпарвар кучлар халқнинг деярли барча табақалари — ҳунарманд, деҳқон, савдогар, мулкдор, уламолар орасида мавжуд эди. Зиёлилар дастлаб чоризмга қарши курашни халқни асрий қолоқликдан уйғотиш — сиёсий-маърифий жабҳадан бошлашга қарор қилдилар. Жадидчилик ҳаракати ана шундай тарихий бир шароитда Туркистон минтақасида ривожланиш учун ўзига қулай замин топди.

Жадидлар орасидан етук олимлар, саноат ва зироатчилик соҳаларининг замонавий билимдон мутахассислари, маданият арбоблари етишиб чиқиб, юртни обод ва Ватанни мустақил кўришни орзу қилдилар ва шу йўлда фидойиларча курашдилар. Жадидларнинг Туркистон мустақиллиги учун курашида асосан қуйидаги йўналишлар устувор эди: янги усул мактаблари тармоғини кенгайтириш; қобилиятли ёшларни чет элга ўқишга юбориш; турли маърифий жамиятлар ва театр труппалари тузиш; газ. ва жур. лар чоп қилиш, халқнинг ижтимоий-сиёсий онгини юксалтириш билан Туркистонда миллий демократик давлат қуриш. Жадид зиёлиларининг кучли партияси ташкил қилинган тақдирдагина бу ишларни амалга ошириш мумкин эди.

Жадидчиликнинг асосий ғоя ва мақсадлари қуйидагилар эди: Туркистонни ўрта асрларга хос қолоқлик ва диний хурофотдан озод этиш, шариатни ислоҳ қилиш, халққа маърифат тарқатиш, Туркистонда мухторият ҳукуматини барпо этиш учун кураш, Бухоро ва Хивада конституцией монархия ва парламент, кейинчалик демократик республика тузумини ўрнатиш орқали озод ва фаровон жамият қуриш, барқарор миллий валютани жорий қилиш ва миллий қўшин тузиш. Тошкент, Фарғона, Бухоро, Самарканд ва Хивада ҳур фикрли ва тараққийпарвар кишиларнинг айрим гуруҳлари томонидан очилган маданий-маърифий йўналишдаги жамият ва уюшмалардан Жадидчилик ҳаракати шаклланди.

Туркистонда Жадидчилик ҳаракатини вужудга келтирувчилар тепасида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдуқодир Шукурий (Шакурий), Саидаҳмад Сиддиқий—Ажзий (Самарқанд), Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев), Тошпўлатбек Норбўтабеков (Тошкент), Фитрат, Файзулла Хўжаев, Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Абдулвоҳид Бурҳонов, Садриддин Айний, Абдулқодир Муҳиддинов (Бухоро), Обиджон Маҳмудов, Ҳамза, Чўлпон, Исхоқхон Ибрат, Муқаммадшариф Сўфизода (Фарғона водийси), Полвонниёз ҳожи Юсупов, Бобоохун Салимое (Хоразм) турарди.

Туркистон минтақасидаги Жадидчилик ҳаракати, тарқалиш жойи ва йўналишига кўра, учга бўлинади: Туркистон, Бухоро ва Хива жадидчилиги. Туркистон жадидлари билан Бухоро ва Хива жадидлари ўртасида бир мунча тафовут бор. Туркистон ўлкасидаги Жадидчиликнинг ижтимоий асосини зиёлилар ташкил қилди. Улар чор Россияси мустамлакачилигига қарши курашнинг олдинги сафларида туриб, чоризмнинг хом ашё манбаига айлантирилган Туркистоннинг дастлаб мухтор, сўнг мустақил давлат бўлишини ёқлаб чикдилар.

Бухородаги Ж. Туркистондагига нисбатан оғир ижтимоий-сиёсий шароитда юзага келди. Унинг таркиби асосан Бухородаги шаҳар аҳолисининг тараққийпарвар қисми: зиёлилар, муллаваччалар, майда дўкондорлар ва маъмурлар, ҳунармандлар, савдогарлардан иборат эди. Жадидларнинг деҳқонлар ва аскарлар ўртасида нуфузи аввалига паст бўлган. Жадидлар иқтисод ва бошқарув соҳасида бир қатор талаблар, чунончи, солиқларни камайтириш талаби б-н чиқишди. Улар дастлаб Бухородаги амирлик тузуми доирасида ислоҳотлар жорий қилмоқчи бўлишди. Бухорода вобкентлик деҳқон Жўрабой илк янги усул мактабини очган эди. Бухородаги Жадидчилик ҳаракатига айрим жоҳил муллалар, ҳар қандай янгилик ва ислоҳотларнинг душмани бўлган қадимийлар оқими қарши чиқди. 20-а. бошларида Бухоро жамияти 2 гуруҳга: Икром домла раҳбарлигидаги тараққийпарварлар ва Мулла Абдураззоқ бошчилигидаги қадимийларга бўлинган эди. 1908 й. «Бухорои шариф ширкати» тузилиб, дарсликлар нашр этиш ва китоб савдоси билан шуғулланди. Аҳмаджон Ҳамдий (Абусаидов), Усмонхўжа Пўлатхўжаев (Усмон Хўжа), Ҳомидхўжа Меҳрий, Абдулвоҳид Бурҳонов, Абдулқодир Муҳиддинов, Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий ширкатнинг ташкилотчилари эди. 1909 й. дек. да жадидлар Бухорода «Тарбияи атфол» («Болалар тарбияси») махфий жамиятини тузишди (асосчилари: Абдулвоҳид Бурҳонов, Ҳомидхўжа Меҳрий, Аҳмаджон Ҳамдий, Мукаммил Бурҳонов, Ҳожи Рафе). Бу жамият туркистонлик ва бухоролик ёшларни Истанбулдаги «Бухоро таъмими маориф жамияти» бўлимига ўқишга жўнатди. Хориждаги таълим ёшлар дунёқарашида тубдан бурилиш ясади. Ж. Бухоро ва Туркистонда бир вақтда бошланган бўлса ҳам, амирликдаги оғир муҳит унинг тараққиётини тезлаштирди. 1910 й. дан бошлаб Бухорода Жадидчилик ҳаракати ташкилий туе олди ва «Тарбияи атфол» махфий жамияти асосида партия ташкил топди (қ. Ёш бухороликлар).

20-а. бошларида Хивада шаклланган Жадидчилик бир қадар бошқачароқ тарихий шартшароитда вужудга келди. У бу ерда асосан иккита оқимдан иборат эди. Унинг ўнг оқими хонликда ривожланаётган савдо-саноат корхоналари эгалари ҳамда йирик бойларнинг вакилларини ўзига бирлаштирган эди. Бу оқимга Хива хони Асфандие’рхоннцнт бош вазири Исломхўжа бошчилик қилган. Жадидчиликнинг ўнг оқими ўз олдига мамлакатда хон ҳокимиятини сақлаб қолган ҳолда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш орқали эркин бозор муносабатларининг ривожланишига кенг йўл очиб беришни мақсад қилиб қўйган эди. Хивада Жадидчиликнинг сўл оқими эса майда сармоядорлар, ҳунармандлар ва халқнинг турли табақа вакилларини бирлаштирган бўлиб, қозикалон Бобоохун Салимов унинг раҳбари эди. Улар Хива хонлигида янги усул мактаблари ташкил қилиш орқали халқ оммасининг сиёсий фаоллигини ўстириш мақсадини қўйишган эди. 1904 й. «жамияти хайрия» тузилиб, унинг кўмаги билан Хива ш. да дастлабки янги усул мактаби очилди (1904 й. 10 нояб.). Хива жадидлари маърифий ишлар билан кифояланиб қолмасдан, хон тузумига қарши кураш ҳам олиб бордилар. Биринчи жаҳон урушигача Хива жадидларининг ягона маркази ва дастурий ҳужжатлари бўлмаган. Бирок Жадидчилик ҳаракати Хива хонлигида катта ижтимоий-сиёсий кучга айланиб, 1914 й. авг. да у партия шаклини олган (қ. Ёш хиваликлар).

1904—05 й. лардаги рус-япон уруши, 1905—07 й. ларда бўлган 1-рус инқилоби, 1905—11 й. лардаги Эрон инқилоби, 1908 й. Туркияда бўлган Ёш гпурклар инқилоби жадидлар дунёқарашига кучли таъсир кўрсатди. Жадидлар ўз газ. ва жур. лари, янги усул мактаблари, турли кутубхона ва қироатхоналар, ҳаваскор театр труппалари теварагида тўпланишар эди. Уларнинг кўпчилиги шу даврнинг кўзга кўринган ижодкорлари — шоиру ёзувчилар эди. Улар ўз асарлари билан тарихан янги миллий адабиёт яратдилар. Адабиёт давр вокеаларига ҳамоҳанг борди. 1910-й. лардаёқ маърифат ва озодлик ғоялари унинг марказий мавзуига айланди. Адабиётга «миллат» ва «ватан» тушунчалари кириб келди. Миллий шеърларга рағбат кучайди. Янги замонавий достончилик майдонга келди, публицистика (Беҳбудий, Фитрат, Мунавваркрри, Мирмуҳсин) ривожланди, реалистик проза шаклланди. Шунинг учун ҳам бу давр адабиёти Ўзбекистон мустақиллигидан кейин ҳақли равишда миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти деб даврлаштирилди. Адабиётдаги бундай уйғониш, айни вақтда, шу давр маданий ҳаётида ҳам рўй берди. Жадидлар ўзбек халқи ҳаётига том маънодаги миллий театрик олиб кирди. Миллий матбаанинг вужудга келиши билан китоб босиш иши йўлга қўйила бошланди. Европа кўповозли мусиқа санъати б-н танишган жадидлар ўзбек анъанавий мусиқа услубларини ҳам ислоҳ қилишга даъват этишган. 1919 й. да Тошкентнинг Эски шаҳар қисми (ҳоз. «Турон» кутубхонаси ёнидаги бино)да жадидлар ташаббуси билан Туркистон халқ консерваториясининг миллий (эски шаҳар) бўлими ташкил этилди. Шу тарзда жадидлар санъат воситаси билан миллат кадрини кўтариш, санъатнинг деярли барча турларини юксалтиришга интилдилар («Ўзбекистон Республикаси» махсус жилдининг тегишли бўлимларига — Адабиёти, Театри, Мусиқасига Жадидчиликнинг аксар вакиллари ёшларга даставвал линий таълим билан бир каторда дунёвий фанларни ўқитиш масаласини кун тартибига қўйдилар. Улар мусулмон мактабларининг таълим усули ва дастурларини ислоҳ қилиб, янгича усулдаги мактабларни очдилар. Беҳбудий, Мунавваркрри, А. Бурҳонов, А. Авлоний ва б. янги усул мактаблари учун дарсликлар ёзиб, нашр этишган (қ. Янги усул мактаблари).

Жадидчилик ҳаракати давомида уларнинг ўз матбуоти шаклланди. Жадидлар Тошкентда 1905—06 й. ларда «Тараққий» (муҳаррири — Исмоил Обилий), «Хуршид» (муҳаррири — Мунавварқори), 1907—08 й. ларда «Шуҳрат» (муҳаррири — А. Авлоний), «Осиё» (мухаррири — Аҳмаджон Бектемиров), «Тужжор» (муҳаррири — Саидкаримбой Саидазимбой ўғли), Бухорода 1912 й. да «Бухоройи шариф» (мухаррири — Мирзо Жалол Юсуфзода), «Турон» (мухаррири — Ғиёс махсум Ҳусайний), Самарқандда 1913 й. да «Самарканд» (муҳаррири — М. Беҳбудий), Тошкентда «Садойи Туркистон» (муҳаррири — Убайдулла Хўжаев), Қўқонда «Садойи Фарғона» (муҳаррири — Обиджон Маҳмудов) газ. лари ва Самаркандда 1913 — 15 й. ларда «Ойина» (муҳаррири — М. Беҳбудий), Тошкентда 1915 й. «Ал-ислоҳ» (муҳаррири — Абдураҳмон Содиқ ўғли) жур. ларини нашр қилишди. Шунингдек, 1917—18 й. ларда Тошкентда «Нажот» (мухаррири — Мунавваркрри), «Кенгаш» (муҳаррирлари — Аҳмад Закий Валидий ва Мунавварқори), «Турон» (муҳаррирлари — М. Афандизода, А. Авлоний), «Улуғ Туркистон» (муҳаррири — Кабир Бакиров), «Шурой Ислом» (муҳаррири — Абдулла Баттол), «Турк сўзи» (муҳаррири — Темирбек Худоёрхонов), «Турк эли» (тахрирйъати), Самарқандда «Ҳуррият» (муҳаррирлари — Мардонқул Шоҳмуҳаммадзода, Акобир Шомансуров, Фитрат), Қўқонда «Тирик сўз» (муҳаррири — Обиджон Маҳмудов), «Эл байроғи» (муҳаррири — Бўлат Солиев) газ. лари ва «Кенгаш» (мухаррири — Ҳамза), «Юрт» (муҳаррири — Ашурали Зоҳирий) жур. лари чоп қилинди. Матбуот миллат дилидаги гапларни ўз сақифаларига кўчириш билан кифояланмай, қандай ишларни биринчи навбатда амалга ошириш масаласини ўртага қўйди. 1909 й. да Тошкент ёш зиёлилари томонидан «Жамияти хайрия» ташкил этилди. Маҳаллий ёшлардан давлат маҳкамаларида, саноат, тижорат соҳасида ишлайдиган мутахассислар тайёрлаш, камбағал мусулмонларга маданий-маънавий ёрдам кўрсатиш масаласи қўйилди. Бу миллатнинг бошқа халклар ичига сингиб кетмаслиги йўлида кўрилган тадбирлар эди.

Бу даврда жадидлар ижтимоий-сиёсий куч сифатида кўриндилар. Халқ уларда ўз ҳимоячиларини қис этди. Сирдарё вилоятидан Петербургда ўтадиган Давлат думасига аъзоликка сайланган Абдувоҳидқори Абдурауфқориевга Тошкент, Чимкент ва б. жойларнинг аҳолисидан 12 моддадан иборат талабномани Давлат думасига топшириш юкланди. Бу ҳужжатда кўпгина ижтимоий талаблар кўрсатилган эди. Абдувоҳидқори 1907 й. 20 фев. —3 июнда Петербургда Садри Мақсудий (1879—1957), Мусо Жориллоҳ, Алимардон Тўпчибошев каби мусулмон зиёлилари билан танишиб, мусулмон фракциясининг раиси Бигловга Туркистон халқи дардини етказди. Бироқ Абдувоҳидқори, орадан кўп ўтмай, қамоққа олинди ва Тулага сургун қилинди.

Illy тарзда, Жадидчилик ҳаракати 1906—16 й. ларда ўзининг асосий йўлини белгилаб олди. Жадидларнинг нашрлари халқни янги давр бошлангани билан таништирар экан, ўзлигини англаб, уюшишга чакирди. Ўлка моддий ва маънавий бойликлари таланаётганини ошкор қилди. Чўлпон шеър ва мақолаларида мустамлакачиларнинг асл қиёфаларини очиб ташлади. Машҳур адвокат У. Хўжаев олий ўқув юртини ташкил этиш, солиқларни тартибга солиш, болалар тарбиясига жиддий эътибор бериш масаласини баён қилди. Лев Толстой билан фикрлашиш чоғида машҳур ёзувчини ён беришга мажбур этган У. Хўжаев чор ҳукумати маъмурларининг порахўрлиги ва золимлигини фош этиб, айримларини давлат ишидан четлатишга эришди. Мусулмон аҳолисига амалий тарзда ёрдам бериб, мавжуд ҳокимият қонун-қоидаларини тушунтира борди.

Жадид матбуоти ўз вакилларининг фикрларини эълон қилар экан, халқни «ҳар вақт ғафлат уйқусидан уйғотувчи» «миллат онгининг очқичи» эканлигини намоён этиш билан бирга Туркистон халқини ҳур фикрлашга ва катта сиёсий курашга ҳозирлай олди. Бу даврда «Эрк», «Турон», «Ўқитувчилар жамияти» каби уюшмалар пайдо бўлди. Мунавварқори айтганидек, «Уларнинг бутун умиди Россиядаги инқилоб жараёнида маҳаллий аҳолини миллий, диний чеклаш ва жабрлашдан озод қилиш, уларнинг ҳақҳуқукларини овруполиклар билан тенглаштириш, хилма-хил мактаб ва матбуот ишлари хамда турли-туман жамиятлар ташкил этишга кенг имконият яратиб беришга қаратилган эди».

Жадидлар бу даврда «Озодлик, тенглик ва адолат» шиори остида ишладилар. Уларнинг 1916 й. мардикорликка олиш воқеасига муносабати ғоятда эътиборга моликдир. Мардикорликка олиш — Биринчи жаҳон уруши кетаётган жойлардаги ишларга туркистонликларни жалб қилиш оқ подшонинг 1916 й. 25 июнь фармонига мувофиқ амалга оширилди. Бу кутилмаган тадбир, биринчидан, 1865 й. шартномасига зид эди. Иккинчидан, генерал Куропаткин (1848 — 1925)нинг хулосасига Караганда, «Аҳоли ва маъмурият турар жойдан ташқаридаги ишларга мутлақо тайёрланмаган ва бундай шошилинч амалга оширилган тадбир оғир тартибсизликларни келтириб чиқарган». Аҳоли учун ана шундай мусибатли пайтда жадидларнинг кўзга кўринган намояндаларидан У. Хўжаев («Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси» раиси) ва миллатпарвар бой Миркомилбой Мирмўминбоев Россия жамоатчилигининг эътиборини бу масалага жалб этиш, фармонни бекор қилдириш учун Петербургга йўл олдилар. Давлат думасининг 1916 й. 13 ва 15 дек. кунлариўтган мажлисида Николай II нинг 25 июнь фармони Россия империясининг қонунчилигида кўрсатилган ҳолларга зид равишда қабул қилингани тан олинди. Фармон Думада мухркама килингунга қадар июнь—авг. ойида жадидлар ҳаракати орқали бир неча эшелон тўхтатиб қолинди. Жадидларнинг мардикорларни кайтаришга уринишлари 1917 й. фев. инқилоби бошланиши билан тўла амалга ошди. Бу ҳодиса эл орасида уларнинг обрўсини кўтарди. Мазкур ҳолат жадидлар маърифатпарварликдан сиёсий курашга аллақачон ўтганликларини билдирар эди.

1917 й. Ж. ҳаракати ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Фев. инқилобидан сўнг ўзбек, татар ва қозоқлар бирлашишга ахд қиладилар ва «Турон» уюшмаси заминида «Шурой Исломия» жамияти тузилди (асосчилари Мунавварқори, Абдувоҳидқори Абдурауфқориев, У. Хўжаев). 1917 й. 14 мартда иш бошлаган бу жамият қишлоқ ва шаҳарларга тарғиботчилар юбориб, озодлик, тенглик ҳақида тушунтириш олиб бориш, сайлов тўғрисида маълумот бериш билан шуғулланди. Унинг дастурини Мунавварқори ёзган эди. Жадидлар жойларда «Шурой Исломия» тизими яратилишининг ташаббускори бўлдилар. Туркистонга мухторият мақомини бериш ҳаракати Туркистон мустақиллиги учун курашга айланди.

Туркий халқларни бирлаштириш ғояси кун тартибидан мустахкам ўрин олди. Ўзбек, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, бошқирд, татар, туркман каби негизи битта халқларни бирлаштириш ва шу асосда федератив ёки мухториятли давлат қуриш масаласи бўй кўрсата борди. Аммо, Мунавварқори сўзи билан айтганда, кўпгина кишилар жумҳурият билан мухторият ўртасидаги фарқни тушунмаган эди. Хусусан, Туркистон намояндалари чин маънодаги республикани барпо этиш ва унинг давлат таркибини ташкил этишга тўлиқ тайёр бўлишмаган. Қозоқ ва бошқирд намояндалари — Мустафо Чўқай, Закий Валидий ва б. Петербург уларга ҳеч қачон мустақиллик ҳам, мухторият ҳам бермаслигини сезгач, Туркистонга келиб, маҳаллий жадидлар билан бирга иш бошладилар.

Тошкентда «Шўрои Исломия», «Турон», «Шўрои Уламо», «Иттифоқи муслимин», Қўқонда «Ғайрат», Бухорода Ёш бухороликлар, Хивада Ёш хиваликлардан ташқари, Самарқандда «Иттифоқ», «Мирваж ул-ислом», «Мифтаҳ ул-маориф» каби ташкилотлар фаолият кўрсата бошлади. Буларнинг ижтимоий-сиёсий йўналишини белгилашда Мунавварқори, У. Хўжаев, М. Беқбудий, А. Зоҳирий, А. З. Валидий, Мустафо Чўқай, Фитрат, Ф. Хўжаев, У. Пўлатхўжаев, Шерали Лапин, М. Мирмўминбоев, О. Маҳмудов, Полвонниёз ҳожи Юсупов, Т. Норбўтабеков ва б. фаоллик кўрсатдилар.

«Шўрои Исломия»нинг ташаббуси б-н 1917 й. 16—22 апр. кунлари Бутун Туркистон мусулмонларининг 1-қурултойи чақирилди. Қурултой иштирокчилари бир қанча масалалар қаторида Туркистон ўлкасининг давлат мақоми масаласини ҳам муҳокама қилдилар. 1-қурултойда Туркистон ўлка мусулмонлари Шўроси (Краймуссовет) — Миллий марказни ташкил этишга қарор қилинди. Миллий марказга раис бўлиб Мустафо Чўқай, унга ўринбосарлар қилиб Валидий ва У. Хўжаев сайланади. Бу эса ташкилотларни бирлаштириш билан бирга миллий озодлик ҳаракатини изга солиб, ташкилий жиҳатдан марказлаштирар эди.

Миллий марказнинг 1917 й. 12 июнда бўлиб ўтган йиғилишида барча жамият ва уюшмаларнинг Марказий мусулмон депутатлари Шўросига бўйсуниши ҳақида Низом қабул қилинади. Марказнинг мақсади халқнинг энг қуйи қатламлари — мардикор ва деҳқонларга тўлиқ ҳуқуқ бериш ва Туркистон мусулмонларини маданий, илмий, иқтисодий ва ғоявий тарбиялаш эди.

1917 й. апр. —июнь ойлари орасида жадидлар кўпгина сиёсий масалаларни ва уларга ўз муносабатларини белгилаб олдилар. Пировардида ҳудудий мухторият учун сиёсий вазият пишиб етилганини англаб етдилар.

1917 й. 1 — 11 майда Москвада бўлган Бутун Россия мусулмонларининг 1-қурултойи берган туртки натижасида мухторият масаласи янада жиддийлашди. 1917 й. 12—14 июлда Фарғонада бўлиб ўтган мусулмон ташкилотларининг қурултойида дастурий масалалар кўриб чиқилди. Унда «Турк Адами Марказият (Федералистлар)» фирқасининг дастури (маромномаси) ва 22 моддадан иборат Низом и қабул қилинди.

1917 й. 17—20 сент. да Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойида «Шурой Исломия» ва «Шўрои Уламо», «Турон» ва б. сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан «Иттифоқи муслимин» сиёсий партиясини тузишга келишилди.

Туркистонни бошқариш шакли тўғрисидаги масала 1917 й. 26—28 нояб. да Қўқонда бўлган Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда 4-қурултойининг диққат марказида турди. Мухторият ва мустақилликни эълон қилиш фикрини ҳамма қўллабқувватлади. Туркистон Мухторияти ҳукумати (раиси — Муҳаммаджон Тинишбоев, сўнгра Мустафо Чўқай) ташкил қилинди. Фитрат, Чўлпон, Ҳамза сингари оташқалб жадид шоирлари Туркистон Мухториятини алқаб, ўтли сатрлар битишди.

1918 й. фев. да Туркистон Мухторияти большевиклар томонидан қонга ботирилгач, Жадидчилик ҳаракати кучли ўзгаришга учради. Совет режими билан муроса қилишни хохламаган Туркистон жадидларининг катта қисми истиқлолчилик ҳаракати сафларида ва яширин миллий ташкилотларда фаолият кўрсатган бўлса, айримлари совет ҳукумати идораларида иш бошлашга мажбур бўлдилар.

Бухоро амирлиги ва Хива хонлигида аҳвол сал бошқачароқ кечди. 1920 й. да қизил армия ҳар икки давлат ҳудудига бостириб кирди. Бухоро Халқ Совет Республикаси ва Хоразм Халқ Совет Республикаси тузилиб, жадидлар ҳокимияттепасига келишди. Демак, 1920 й. дан Жадидчилик ҳаракати ўз тараққиётининг янги босқичига, яъни советлар билан муроса йўлига қадам қўйди.

1920 й. 1—7 сент. да Бокуда Шарқ халқдари қурултойи чақирилди. Қурултойда қабул қилинган қарорлар Туркистон халқларининг кейинги тақдирида муайян роль ўйнади. Унда Мунавварқори, Турор Рисқулов, Чўлпон, Сапимхон Тиллахонов, Ражаб Муҳамедов, Қудратилла Юнусов, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Обиджон Маҳмудов, Тўрақул Жонузоқов, Зайниддин қори Насриддинов, Ҳожи Сафо Жўрабоев, Ғози Юнус каби туркистонлик миллат фидойиларидан жами 90 киши иштирок этди. Қурултой ишида Туркиядан келган ва шахсан Лениннинг ўзи юборган Анвар пошо ҳам қатнашди. Бирок, мазкур қурултой большевикларнинг Англияга қарши қаратилган дўқ-пўписаси эканлиги мажлисларда аён бўлди. Шу боис туркистонлик 40 нафар делегат қурултой тугагач, ўзаро кенгаш ўтказиб, унда «Туркистондаги совет ҳокимиятига қарши ташвиқот ишлари»ни авж олдиришга ва «Октябрь инқилобининг уч йиллиги кунида умумхалқ қўзғолони кўтариш»га ахд қилдилар. Бироқ, уларнинг бу режаси тўлиқ амалга ошмади.

Туркистон жадидлари фаолияти бутун ўлкани қамрайдиган, инглизларнинг скаутинг мактаб дастурига яқин дастур асосида ишлайдиган «Турон кучи», «Турк кучи», «Темур», «Изчилар», «Лочин» каби гуруҳларни туздилар. Бу гурухлар ўрта мактаб таълими, ҳунар, санъатдан ташқари, ҳарбий машқлар билан шуғулланиб, шўроларга асосий зарба берувчи куч сифатида кўрина бошлади. 1920 й. совет режими бу гурухлар фаолиятини тугатди.

Фарғона ва Тошкентдаги воқеалар якуни жадидларнинг умидларини сўндира олмади. Улар Бухоро республикаси раҳбарлари билан бир ёқадан бош чиқариб, иш бошладилар. Бухорода Жадид тараққийпарварлар фирқаси тузилди. Бу фирқа дастурига кура, давлатни жумҳурият раиси (президент) ва парламент бошқариши кўзда тутилган эди.

1921 й. 2—5 авг. да Бухорода Валидий бошчилигида Туркистон миллий бирлиги ташкилоти тузилди. У истиклолчилик ҳаракатини жипслаштиришда муҳим роль ўйнайди. Туркистон миллий бирлиги ташкилоти билан Мунавварқори раҳбарлигидаги «Миллий иттиҳод» (1919 и. тузилган) ташкилоти ўзаро ҳамкорликда фаолият кўрсатди. Ҳар икки ташкилотнинг асосий мақсади Бухоро республикаси, умуман, Туркистон минтақасини советлаштириш ва руслаштириш таъсиридан сақлаб қолиш, Туркистоннинг мустақиллигига эришиш бўлган. 1925 й. «Миллий иттиҳод» ташкилоти асосида «Миллий истиклол» ташкилоти тузилади.

Жадидчилик ҳаракатининг сўнгги йиллари фаол сиёсий курашлар билан ажралиб турмайди. Бу даврда совет режими турли сиёсий ишлар («Ўн саккизлар гуруҳи», «Иноғомовчилик», «Қосимовчилик», «Бадриддиновчилик» ва б.) тузиб, миллий зиёлиларни оммавий равишда қатағон қилишга киришди. 1929 й. нояб. да Мунавварқори бошчилигидаги 38 кишининг қамоққа олиниши (кейинчалик уларнинг сони 87 кишига етган) билан Жадидчилик ҳаракатига кучли зарба берилди. Бироқ истиклол ғояси ўз кучида қолаверди.

Жадидчилик ҳаракати сиёсий маърифатпарварликдан Жадид тараққийпарварлар фирқаси даражасига кўтарила олди. Бу ҳаракат ҳамда фирқа аъзолари ўз фаолияти ва дастурига кўра, шўро адабиётларида айтилганидек, «бир ҳовуч бойлар манфаатига хизмат қилувчи либерал буржуазия вакиллари» эмас, балки Туркистоннинг барча халклари такдирини ўйлаб иш кўрган демократик жараённинг энг саводли, олижаноб намояндалари эди.

Туркистонда совет хркимияти зўравонлик йўли билан ўрнатилгач, жадидларнинг бир қисми фаол сиёсий хаётдан четлашиб, факат бадиий ижод билан шуғулланди (А. Бурхрнов, А. Авлоний, С. Айний ва б.). Айрим жадидлар совет идоралари маданий-маърифий шохобчаларида меҳнат қилишди (У. Хўжаев, Мунавварқори, Ҳамза, С. Турсунхўжаев, Т. Норбўтабеков ва б.). Баъзи жадидлар «маҳаллий коммунистлар» сифатида юқори давлат ва ҳукумат лавозимларида ишлашни давом эттирди (Файзулла Хўжаев, Абдулқодир Муҳиддинов, Низомиддин Хўжаев ва б.). Айрим жадидлар бўлса, Туркистондаги истиқлолчилик ҳаракати сафларига бориб қўшилди ва хорижга муҳожирликка жўнаб кетди (Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Садриддинхон Шарифхўжаев, Абдулҳамид Орипов ва ҳ. к.).

Жадидчилик ҳаракатининг барча таникли намояндалари (С. Айнийдан ташқари) 30-й. ларда совет мустабид режими томонидан амалга оширилган қирғин натижасида ҳалок бўлди. Жадидчилик ҳаракатига совет даврида «миллатчилик», пантуркизм, панисламизм тамғалари босилиб, ноҳақ қораланди. Жадид адабиётини ўқиш тақикланди.

Узбекистан Республикаси мустақилликка эришгач, Жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари номига епиштирилган тавқи лаънат ва сохта ёрликлар олиб ташланиб, уларнинг асл номлари қайта тикланди. Тарихчи, адабиётшунос, тилшунос, файласуф, ҳуқуқшунос, санъатшунос ва педагог олимлар жадидларнинг бой илмий ва адабий меросини ўрганишда дастлабки натижаларни қўлга киритишди. Мустақиллик йилларида Фитрат, Чўлпон, А. Авлонийнинг 2 жилдли, Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Сидқий Хондайлиқий, Ибрат, Ажзий, Сўфизоданинг 1 жилдли, шунингдек, Файзулла Хўжаев, Мунавварқори, П. Юсуповнинг асарлари чоп қилинди. Жадидларнинг 20 та машҳур вакили киритилган «Унутилмас сиймолар. Жадидчилик ҳаракатининг намояндалари» (Т., 1999) альбом-китоби нашрдан чикди. Уларнинг серқирра фаолияти дарслик ва қўлланмаларга киритилди. 1999 й. 16— 18 сент. да Тошкентда «Марказий Осиё 20-а. бошида: ислоҳотлар, янгиланиш, тараққиёт ва мустақиллик учун кураш (Ж., Мухториятчилик, Истиқлолчилик)» мавзуида халқаро конференция ўтказилиб, унда АҚШ, Германия, Франция, Италия, Нидерландия, Туркия, Россия, Ҳиндистон ва б. мамлакатлардан келган нуфузли олимлар Жадидчилик ва истиклолчилик ҳаракатлари тўғрисида жаҳон илм-фанида тўпланган сўнгги хулосалар юзасидан ўзбекистонлик ҳамкасблари б-н ўзаро фикр алмашдилар. Жадидчилик ҳаракати жаҳоншумул аҳамиятга молик ҳодиса эканлиги эътироф қилинди. Конференцияда ушбу муаммони тадқиқ қилувчи халқаро илмий кенгаш тузилди.

Ад.: Айний С, Бухоро инқилоби тарихи учун материаллар, М., 1926; Рисқулов Т., Революция и коренное население, Т., 1926; 3 и ё Сайд, Ўзбек вақтли матбуотига оид материаллар (1870—1927), Т., 1927; Программные документы мусульманских политических партий (1917—1920), Оксфорд, 1985; Революция в Средней Азии глазами мусульманских большевиков, Оксфорд, 1985; Политическая жизнь русских мусульман до февральской революции, Оксфорд, 1987; Мустафо Чўқай ўғли, Истиқлол жаллодлари, Т., 1992; Чўлпон, Асарлар, 1 — 2-ж. лар, Т. 1994; Ражабова Р. ва б., Ўзбекистoн тарихи (1917-1993 й.), Т., 1994; Хўжаев Ф., Бухоро инқилобининг тарихига материаллар, Т., 1997; Валидий, Бўлинганни бўри ер (Хотиралар), Т., 1997, Авлоний А., Танланган асарлар, 1—2-ж. лар, Т., 1998; Ўзбекистoн тарихи: янги нигоҳ. Жадидлар ҳаракатидан миллий мустақилликка қадар, Т., 1998; Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш, Т., 1999; Беҳбудий М., Танланган асарлар, Т., 1999; Фитрат, Танланган асарлар, 1—2-ж. лар, Т., 2000; Алимова Д., Джадидизм в Средней Азии. Пути обновления, реформы, борьба за независимость, Т., 2000; Ўзбекистоннинг янги тарихи. 1-китоб [Туркистон чор Россияси мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; 2-китоб [Ўзбекистoн совет мустамлакачилиги даврида], Т., 2000; Юсупов П., Ёш хиваликлар тарихи (Хотиралар), Урганч, 2000; Туркестан в начале XX века: к истории истоков национальной независимости, Т., 2000; Абдурашидхонов М., Хотираларимдан, Т., 2001; Ўзбекистoн давлатчилиги тарихи очерклари, Т., 2001; Марказий Осиё XX аср бошида: ислоҳотлар, янгиланиш, тараққиёт ва мустақиллик учун кураш, Т., 2001.

Сирожиддин Аҳмедов, Қаҳрамон Ражабов.

Prev Article

ЖАВҲАРИЙ