ЖАҲОН БОЗОРИ

ЖАҲОН БОЗОРИ — халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш билан ўзаро боғланган мамлакатлар ўртасидаги барқарор товар-пул муносабатлари тизими. Халқаро савдо муносабатлари қадимда ҳам мавжуд бўлган, мамлакатлар ўртасида иқтисодий ва сиёсий алоқалар миллий давлатларнинг пайдо бўлиши билан юзага келган, аммо кўпгина мамлакатлар, сўнгра жаxондаги барча мамлакатлар савдосини қамрайдиган Жаҳон бозори (унинг негизида жаҳон хўжалиги) фақат йирик машиналашган индустрияга ўтиш билан шакллана бошлади ва 20-а. бошига келиб қарор топди. Йирик машиналашган ишлаб чиқаришга ўтиш миллий бозор чегараларини кенгайтирди, ташқи савдо у ёки бу мамлакатнинг ички тараққиётини тўлдирадиган омилдан мамлакат хўжалиги тараққиётининг зарурий шартига айланди. Ихтисослашув бир мамлакатда муайян товарни арзон ва сифатли и. ч. имконини берса, товарларни и. ч. да ресурслардан самарали фойдаланишни таъминласа, шу товарлар кўплаб яратилади ва Жаҳон бозори ига етказиб берилади. Бирор мамлакатда ресуреларни сарфлаш қулай бўлмаган ёки и. ч. имкони булмаган товарлар Жаҳон бозоридан сотиб олинади. Жаҳон бозорида алоҳида нархлар — жаҳон нархлари амал қилади; айирбошлаш улгуржи шаклда ва халқаро биржалар воситасида олиб борилади.

Жаҳон бозори товар, меҳнат, капитал ва валюта бозорлари мажмуидан ташкил топади (қ. Меҳнат бозори, Ишчи кучи бозори). Жаҳон бозорида барча мамлакатлар ташқи савдосининг мажмуини ифода этадиган халқаро савдо амалга оширилади. Бу таркибан жаҳон миқёсидаги экспорт ва импортдан иборат, уларнинг қиймат бўйича нисбати савдо баланси деб юритилади.

Жаҳон бозори халқаро биржалар, савдо уйлари, банклар, суғурта компанияларидан иборат булган ўз инфратузилмасига эга. Жаҳон бозори тўловлар ва ҳисоб-китоблар халқаро пул вазифасини ўтовчи барқарор, эркин алмаштириладиган валюталар, мае, АҚШ доллари, Япония иенаси ва еврода олиб борилади. Жаҳон бозори ихтисослашган халқаро биржалардан иборат йирик сегментларига эга. Мае, Чикаго дон биржаси, Ливерпул пахта биржаси ва Лондон рангли металлар биржаси ва б. Ж. б. да савдо-сотиқ халқаро биржа битимлари, икки томонлама ёки кўп томонлама биржадан ташқари битимлар йўналишларида боради.

Жаҳон бозори даги савдо-сотиқни махсус ташкилот — Жаҳон савдо ташқишюти бошқариб боради, давлатлараро савдо тартиби ва қоидаларини белгилаб беради, унга аъзо бўлганлар ўзлари учун қулай савдо қилиш ҳуқуқини оладилар.

Жаҳон бозорида инвестиция ҳаракати ҳам юз беради, бу чет элда янги корхоналарни қуриш, эски корхоналарни сотиб олиш ёки ўзига бирлаштириш шаклларига эга. Бу ишни асосан трансмиллий халқаро корпорациялар олиб боради. 2000 й. жаҳондаги бевосита хориж инвестициялари 865 млрд. АҚШ долларига тенг бўлди. Улар амалга оширган олди-сотди операциялари 1999 й. да 14 трлн. долларни ташкил этди.

Жаҳон бозорининг улкан салоҳияти миллий бозорларга жуда катта таъсир ўтказади, бу таъсир мамлакатларнинг манфаатлари нуқтаи назаридан ижобий ёки салбий бўлиши мумкин. Жаҳон бозори сиғими жами мамлакатлар бозор талабининг импорт ҳисобига қондириладиган қисмлари йиғиндисига тенг.

Жаҳон бозорида саноати ривожланган мамлакатлар иштироки устунлик қилади ва улар тайёр маҳсулот билан (жаҳон товар экспортининг 70% дан кўпроғи) қатнашадилар, ривожланаётган мамлакатлар асосан хом ашё ва ишчи кучи экспорти билан иштирок этадилар.

Жаҳон бозорида иштирок этадиган жами мамлакатларнинг экспорти 6,48 трлн. долларни, импорти 6,41 трлн. долларни ташкил қилди (1996; 1980 й. да тегишлича 2,44 ва 2,42 трлн. доллар).

Ўзбекистoн Ж. б. да хом ашё, энергия, рангли металл ва б. экспорти билан қатнашади, аксарият технология, кимё маҳсулотлари, озиқ-овқат товарларини импорт қилади (яна қ. Халқаро савдо).

Аҳмаджон Ўлмасов.