ЖАҲОН МЕРОСИ

ЖАҲОН МЕРОСИ — бутун инсоният мулкини ташкил этувчи буюк маданий ва табиий ёдгорлик (бойлик)лар. 1972 й. ЮНЕСКО Жаҳон маданий ва табиий ёдгорликларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияни қабул қилган (1975 й. дан кучга кирган). Конвенцияни ратификация қилиш (1992 й. бошлари)да 123 мамлакат қатнашган. Жаҳон мероси рўйхатида 80 мамлакатнинг 358 қурилиш майдони (1992 й. бошлари): алоҳида меъморий иншоот ва ансамбллар — Акрополь, Амьен ва Шартр (Франция)даги соборлар, Миср эҳромлари, Тожмаҳал, Боробудур қасри, Варшаванинг тарихий маркази, Москва Кремли ва Қизил майдони (Россия) ва б. ; шаҳарлар — Бразилия, Венеция (қўлтиклари билан бирга) ва б. ; археологик қўриқхоналар — Делъфа ва б. ; миллий боғлари ва б. Ҳудудларида Жаҳон мероси жойлашган давлат ёдгорликларни сақлашга жавобгардир. Жаҳон мероси ўз нишони (эмблема, 1978 й. тасдиқланган) ва жамғармасига эга. ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига дунё бўйича 721 та маданий ва табиий ёдгорликлар киритилган (2002). Булар ичида Ўзбекистoн (1993)дан Хивада Ичан қалъа (1990). Бухоро, Шаҳрисабз (2000) ва Самарқанд (2001)нинг тарихий марказлари бор.