ЖАКЕРИЯ

ЖАКЕРИЯ (Jacquerie, «Jacques Bonhomme» сўзидан — «Жак Гўл» — дворянлар томонидан деҳқонларга берилган камситувчи лақаб) — Францияда 1358 й. мулкдорларга қарши кўтарилган деҳқонлар қўзғолони. Ж. Юз йиллик уруш (1337—1453) натижасида вужудга келган иқтисодий танглик, ёлланган аскарларнинг талон-торожи ва янги солиқлар солиниши туфайли келиб чиққан. Қўзғолон 28 майда Бовези вилоятидан бошланди. Жакерия иштирокчилари, асосан, деҳқонлардан иборат бўлиб, аҳолининг бошқа табақалари ҳам қатнашган. Қўзғолончиларга Гильом Каль бошчилик қилган. Наварра қироли Карл 10 июнда Жакерия раҳбарларини музокарага чақиради. Музокара пайтида Г. Каль хиёнаткорона қўлга олиниб, қаттиқ қийноқлардан сўнг боши танасидан жудо қилинади. Карл қўшинлари тўсатдан қўзғолончи деҳқонларга ҳужум қилиб уларни тор-мор келтиради. 20 мингдан зиёд деҳқонлар қириб ташланган. Раҳбарсиз, уюшмаган ва аниқ режаси бўлмаган Жакерия енгилади. У деҳқонларни шахсий қарамликдан озод бўлишларига имкон яратган.

Loading...