ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ ОРДЕНИ

«ЖАЛОЛИДДИН МАНГУБЕРДИ» ОРДЕНИ — ЎзРнинг давлат мукофотларидан бири, мамлакатнинг олий ҳарбий мукофоти. Бу орден билан мамлакат мустақиллигини, Ватан сарҳадларини, она юрт тупроғини ҳимоя қилишда ҳамда уни кўз қорачиғидай асрашда юксак ҳарбий маҳорат, қаҳрамонлик ва жасорат намуналарини кўрсатган, давлатнинг мудофаа қудратини мустаҳкамлашга улкан ҳисса қўшган қўмондонлик таркибига кирувчи ҳарбий хизматчилар мукофотланадилар. 2000 й. 30 авг. да таъсис этилган. Орден 925 пробали кумушдан тайёрланади, қиррадор кумушранг нурлар таралган бешбурчак шаклга эга. Орденнинг марказида, оқ айлана билан ҳошияланган доирада таралаётган нурлар фонида Жалолиддин Мангубердининт қабариқ зарҳал тасвири жойлашган. «Жалолиддин Мангуберди Ордени» о. кўкракнинг ўнг томонига, «Амир Темур» орденидан кейин тақилади.