ЖАЛОЛОВ

ЖАЛОЛОВ Тўхтасин (1909.21.7, Фарғона тумани — 1984.13.4, Тошкент) — ёзувчи, адабиётшунос ва таржимон. Фарғонадаги пед. курсини тугатгач (1925), Шаҳрихонда ўқитувчилик қилган. Самарқанд пед. ин-тида ўқиган (1931—33). Тошкентдаги кечки педагогика ин-тини тугатиб (1938), шу ин-тда, «Қизил Ўзбекистон» газ. да (1938 — 41) ишлаган. Қатағон қилиниб, Сибирь ва Узоқ Шарқдаги қамоқ лагерларида ва сургунда бўлган (1941 й. июль — 1955 й. янв.). 1955 й. да оқлангач, Ўзбекистoн давлат нашриётида ва Бадиий адабиёт нашриётида (1955—61), Ўзбекистoн ФА нинг Тил ва адабиёт ин-тида (1961), «Шарқ юлдузи» жур. да (1962 — 63) ишлаган. Адабиётшунослик фаолиятида Навоий ижодини тахлил қилиш («Хамса талқинлари», 1960, 1968), ўзбек шоиралари меросини тўплаш ва тадқиқ этиш («Ўзбек шоиралари», 1959, 1970, 1980; «Бону» 1963; «Қизлар қасидаси», 1976) ҳамда ўзбек адабиёти, хусусан шеърияти масалалари бўйича тадқиқотлар («Яшасин табассум», 1965; «Нафосат оламида», 1974) асосий ўрин тутади. «Паҳлавон Маҳмуд» (1961) илмий асарини ёзган, «Ўзбек адабиёти тарихи» хрестоматияси 1-жилдини (1941) тузган. «Олтин қафас» (1962) қиссаси муҳаббат мавзуига бағишланган. Асарда моддий бой, аммо маънавий қашшоқ инсонлар оилавий ҳаётда ҳеч қачон бахтли бўлолмайдилар, деган фикр олға сурилган. Р. Тагор, С. Айний, Пахлавон Маҳмуд, Лоҳутий, В. Смирнова Ракитина ва б. ёзувчиларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.

Ад.: Юнусов М., Сахий қаламлар, Т., 1975.

Loading...