ЖАЛОЛҚУДУҚ ТУМАНИ — Андижон вилояти тумани. 1926 й. 29 сент. да ташкил этилган (1962 й. 24 дек. да Хўжаобод тумани билан бирлаштирилган. 1973 й. 12 апр. да қайта тузилди). Туман вилоятининг Қўрғонтепа, Хўжаобод, Андижон туманлари ҳамда қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош. Майд. 0,37 минг км2. Ахoлиси 132,6 минг киши (2000). Жалолқудуқ туманида 1 шаҳар (Охунбобоев), 1 шаҳарча (Жанубий Оламушук), 8 қишлоқ фуқаролари йиғини (Абдуллабий, Бештол, Ёрқишлоқ, Жалолқудуқ, Колхозқишлоқ, Ойим, Тешиктош, Қатортол) бор. Маркази — Охунбобоев ш.
Жалолқудуқ ва унга ёндош қишлоқлар ўрамида ёғингарчилик кўпроқ булганлигидан у ерлар илгари қамишзор, тўқайзор булган. Туман номи «жела» ёки «желак» сўзидан келиб чиққан деган ривоятлар бор: утмишда маҳаллий аҳоли зовур, булоқ ва қудуқларга жела ташлаб балиқ овлаган экан. Жела қўйиладиган қудуқлар аста-секин «желақудуқ» деб аталадиган бўлганмиш. Кейинчалик бу ном талаффузда ўзгариб «жалақудуқ», «жалолқудуқ» шаклида қишлоқ, сўнгра туманга ном бўлиб қолган дейилади.
Табиати. Жалолқудуқ тумани вилоятининг шим.шарқида жойлашган. Рельефи пасттекислик, қир ва адирлардан иборат. Иқлими кескин континентал. Июлнинг ўртача т-раси 27°, янв. ники —3°. Вегетация даври 160—180кун. Йилига ўртача 250 мм ёғин ёғади. Туман ҳудудидан Андижонсой (3,5 км), Шаҳрихонсой, Савай каналлари, Қорадарё оқиб ўтади. Туман ерлари оч тусли ўтлоқи бўз тупроқдан иборат. Адирларда эфемер ўсимликлар, экин экилмайдиган ерларда шувоқ, шўра ўсади.
Аҳолиси , асосан ўзбеклар. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 358 киши. Қишлоқ ахoлиси 80% ни, шаҳарликлар 20% ни ташкил қилади.
Жалолқудуқ тумани ҳудудида 11 археологик тепалик, 5 меъморий ёдгорлик сақланиб қолган. Далварзинтепа, Қоратепа, Эшонтоға ва Қиличмозор тепаликлари энг қад. археологик ёдгорликлар, Тошмасжид эса миллий меъморлик намунасидир. Фарғоналиклар 8-а. бошида Фарғона водийсига бостириб келган Қутайба ибн Муслим бошчилигидаги араб қўшинларига қаттиқ қаршилик кўрсатганлар. Қутайба янги сайланган халифа Сулаймонга бўйсунишдан бош тортганлиги учун хос аскарлари томонидан 715 й. да ҳозирги Жалолқудуқ тумани ҳудудида ўлдирилган. Тарихчи Наршахийнинг ёзишича, Қутайбанинг қабри Коҳ қишлоғида. Бу қишлоқ ёнидаги қабристон «Работи сарҳанг» (ҳоз. «Мозорбува») деб аталади. Хўжалиги. Жалолқудуқ туманида Сўфиқишлоқ пахта з-ди, Ойимда «Бунёд» момиқ и. ч. корхонаси, давлат подшипник з-ди, паррандачилик ф-каси, Охунбобоев макка саралаш корхонаси, Ёрқишлоқда ип йигирув-тўқув к-ти, Гурунчмозор нефть базаси, механизациялашган кўчма колонна фаолият кўрсатмокда. «Ас-Ойимтекстил», «Топас», Ўзбекистон-Туркия, ЎзбекистонРоссия қўшма корхоналари ташкил этилган (1999). 200 дан зиёд кичик корхона ва фирма мавжуд.
Туман қ. х. асосан пахтачиликка ихтисослашган. Ғаллачилик, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик билан ҳам шуғулланилади. Қ. х. да фойдаланиладиган ер майд. 25,1 минг га. Пахта, ғалла экинлари, сабзавот-полиз экинлари етиштирилади. Пилла етиштириш йўлга қўйилган. К,. х. да корпорация, деҳқон-фермер хўжалиги уюшмалари, ширкатлар ташкил қилинган. Чорвачилик фермалари хусусийлаштирилган. Қ. х. даги ялпи маҳсулотнинг 99% мулкчиликнинг нодавлат секторига тўғри келади. Деҳқон-фермер хўжаликлари ва хусусийлаштирилган шахсий фермаларда 5,3 минг қорамол, 6,7 минг қўй-эчки, 391 йилқи, 70 мингга яқин парранда боқилади.
Туман ҳудудидан қарийб 25 км т. й. ўтган. Андижон—Хонобод т. й. электрлаштирилган.
30 га яқин умумий таълим мактабида 28 мингдан зиёд ўқувчи билим олмоқда. 2 лицей, тиллар лицей-интернати, 3 гимназия, 3 мусиқа мактаби, 800 ўринли 6 касалхона, Жанубий Оламушукда физиотерапия санаторийси, «Пиллакор», «Андижон» дам олиш уйлари, Ёрқишлоқда «Нефтчи» даволаш санаторийси, 34 жамоат кутубхонаси, 14 клуб, Охунбобоев ш. да ўлкашунослик музейи, маданият ва истироҳат боғи бор. 1931 й. дан «Учқун», сўнгра «Олға» туман газ. нашр этилган. 1999 й. дан «Жалолқудуқ ҳаёти» туман газ. чоп этилмокда (адади 3000).