ЖАЛОЙИРИЙЛАР ДАВЛАТИ

ЖАЛОЙИРИЙЛАР ДАВЛАТИ (1336 — 1411) — Ҳулокуийлар давлати емирилгач, Ироқ ҳудудида тузилган давлат. Унга жалойирлардан Шайх Ҳасан Бузург (1356 й. вафот этган) асос солган. Тахт учун курашда у чупонийларни енгиб, қокимиятни эгаллаган ва Бағдодни пойтахт қилган. Жалойирийлар давлатида ҳукмронлик қилган сулола жалойирийлар деб номланган. Жалойирийлардан Увайс I даврида (1356—74) бу давлат жуда юксалган. У музаффарийлар, Олтин Ўрда хони Тўхтамиш ва қора кўюнлилар билан уруш олиб борган. Курдистон, Озарбайжон, Табриз (1358), Мавсил, Диёрбакр (1365) Жалойирийлар давлатига қўшиб олинган. Пойтахт Табризга кўчирилган. Увайс I нинг ўғли Султон Аҳмад даврида (1382—1410) Амир Темур Шим. Эрон, Арманистон (1384—87), Бағдод, Месопотамия, Диёрбакр (1393) ни эгаллаган.

Амир Темур вафоти (1405) дан сўнг Султон Аҳмад Бағдодни қўлга киритган. Жалойирийлардан Шоҳ Валад қора қўюнлилар Бағдодни эгаллагунларига қадар (1411) ҳокимият тепасида турган, Султон Аҳмаднинг кейинги авлодлари Шоҳрухга тобе бўлган ҳолда Восит, Шустар ва Басра мулкларига эгалик қилган. 1432 й. жалойирийлардан бўлган сўнгги ҳукмдор Ҳасан II қора қўюнлилар томонидан ўлдирилган.