ЖАМБУЛ

ЖАМБУЛ, Жабаев Жамбул [1846. 16(28).2, Еттисув вилояти — 1945.22.6, Олмаота] — қозоқхалқ шоири ва оқини. 15 ёшидан ўлан айта бошлаган. Ўлан айтиш сирларини Суюмбой оқиндан ўрганган. «Манас» эпоси, «Гўрўғли» хамда ўзи яратган «Ўтаган ботир», «Суранчи ботир» каби достонларни, шунингдек, «Минг бир кеча», «Шоҳнома» асарларини қозоқ халқи орасида айтиб юрган. Қoзоғистоннинг йирик оқинлари — Қулмамбет, Сағимбек, Сарбас, Дўстмағамбет, Шошубойлар б-н айтишувда ғолиб чиққан. Унинг «Шикоят», «Жанис оқинга», «Қувғин», «Камбағалнинг улуши», «Васият», «Хон ва оқин», «Ўғлимга хат», «Ўғлимнинг ўлими», «Отамга» ва б. асарларида қозоқ халқининг ўтмиши ва замонавий ҳаёти, туркий халклар дўстлиги ва биродарлиги тасвирланган. Жамбулга М. Шайхзода «Жамбул», Уйғун «Ўлан», Қ. Муҳаммадий «Дўмбира» шеърларини бағишлаганлар. Асарлари ўзбек тилига таржима қилинган («Жамбул уланлари», 1946). Қозоғистондаги вилоят унинг номи билан аталади.

Ас: Тандамалы, 2 томднқ, Алмааты, 1996.