ЖАМИЛОВА Гулчеҳра (1946.2.7, Тошкент) — Ўзбекистон халқ артисти (1992). Ўзбекистон хореография билим юртини (1964), Тошкент давлат театр ва рассомлик санъати ин-тини (1968) тугатган. Ижодий фаолиятини «Баҳор» давлат халқ рақс ансамблида раққосаликдан бошлаган. 1966 й. дан ҳоз. Ўзбекистoн миллий академик драма театрининг актрисаси (1987—91 й. лар Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида ишлаган). Жамилова ижодининг бошланиш давридаёқ Сильвия («Вероналик икки йигит»), Ақиқа («Қонли сароб»), кинода Кумуш («Ўтган кунлар») ролларини ижро этиб, беғубор ёшликка хос мафтункор чирой, покиза орзу ва интилиш ҳиссиётларию, мушкул қисматнинг фожиали туғёнларини табиий ва таъсирчан воситалар билан тасвирлади. Театрдаги энг яхши роллари: Феруза («Мирзо Улуғбек»), Гулсанам («Абу Райҳон Беруний»), Озода («Имон»), Шакунтала («Йўқолган узук»), Гулчеҳра («Кўрмайин босдим тиконни»), Камола («Ганг дарёсининг қизи»), Жамила («Бой ила хизматчи»), Зебуннисо («Зебуннисо»), Дездемона («Отелло»), Ойсара («Алла»), Нодирабегим («Фиғон»), Бибихоним («Соҳибқирон») ва б. Актриса кинода ҳам бир қанча роллар ижро этган: Гулчеҳра («Қалбингда қуёш»), Гири («Hyp ва соялар»), Манзура («Шиддат»), Гулнора («Эҳтирос қурбонлари»), Малькане («Севги афсонаси»), Офтобойим («Ўтган кунлар») кабилар шулар жумласидан. Шунингдек, видеофильмлар (Азиза, «Имон»; Хадича, «Сўнгги ўқ»; Манзура, «Шайтанат»), телефильмлар (Зулайҳо, «Тўлқинлар»; Фарида, «Кунда изғирин» ва б.)да ҳам қисмати, табиати, ёши бир-бирига ўхшамаган бадиий образлар оламини яратди.