ЖАМОАТИ ИСЛОМИЙ

«ЖАМОАТИ ИСЛОМИЙ» («Ислом жамоати») — Ҳиндистонда 1941 й. барпо бўлган умумҳиндистон партияси. 1948 й. унинг асосида мустақил «Жамоати исломии ҳинд» («Ҳиндистон мусулмонлари жамоати») таркиб топди. Сўл ислом оқимларининг умумий ғоявий уюшмаси сифатида Покистон, Ҳиндистон ва Бангладешда (1971 й. дан) фаолият олиб боради. «Жамоати исломий»нинг назарий дастурини покистонлик Абул Аъло Мавдудий (1981 й. в. э.) ишлаб чиққан. Партиянинг низомига кўра, раҳбарият таркиби исломий тамойил — мушовара (маслаҳат) асосида тузилади. Ташкилотни барча аъзолар томонидан сайланган амир бошқаради. Партияга аъзолик чекланган. Унга шахcий ва ижтимоий ҳаётда шариат қонунларига қатъий риоя қиладиган, синов муддатини ўтаган хамда қасамёд қилган шахслар қабул этилади. Абул Аъло Мавдудий Покистоннинг атиги 4—5% аҳолисинигина ҳақиқий мусулмон деб ҳисоблайди. Шу боисдан партиянинг тўла ҳуқуқли аъзолари сони унча катта эмас (2500—3000), аммо унинг асосий кучини беҳисоб «тарафдорлар» ва «хайрихохлар» ташкил этади. «Жамоати исломий» ижтимоий жиҳатдан зиёлилар, талабалар, кичик мулкдорлар ва шаҳар қуйи табақалари ҳамда ҳарбийларнинг консерватив тоифаларидан таркиб топган. Партиянинг асосий мақсади — ислом давлатини тузишдир. Бундай давлат тузумини Мавдудий «теодемократия» деб атади ва у «янги типдаги (яъни ўзига ўхшаган) уламолар томонидан бошқарилиши керак». А. Мавдудий вафот этгач, партияга Миан Моҳаммад, Ғафур Аҳмад ва Мавдудийнинг ўғли — Мавлоно Фаруқий Мавдудийлар раҳбарлик қилмокдалар.

Аҳаджон Ҳасанов.

Loading...